ЎзА Ўзбек

13.07.2020 Чоп этиш версияси

СамДУ 600 ёшда: олий таълим тизими тарихи ва тараққиёт

СамДУ 600 ёшда: олий таълим тизими тарихи ва тараққиёт

Тарихий манбаларда «Балдайи маҳфуза» номи билан машҳур бўлган Самарқанднинг таърифу тавсифини битмоқ ва уни севмоқ учун бир бор бориб зиёрат қилиш, Регистон қаршисида ўйга толиш, унинг салобати, шукуҳида ҳайратга тушиш лозим бўлади.

Зеро, бу жой улуғлар макони, буюклар қадамжоларидир. Асримизнинг биринчи ўн йиллигида азим Самарқанднинг 2750 йиллиги нишонланган эди. Бу сана ҳам Самарқанднинг теран тарихи олдида ҳали ҳеч нарсамасдир, эҳтимол. Чунки йиллар, археологик қазишмалар унинг томирлари яна бир неча минг йиллар аввал пайдо бўлганлигидан далолат беради. Шаҳар бўлган экан, у билан шаҳарсозлик, давлатчилик анъаналари ҳам пайдо бўлган. Уларнинг мавжудлиги эса бу ерда ўзига хос таълим тизими мавжудлигини кўрсатади. Мовароуннаҳр ва Шарқда, балки, бутун дунёда тан олинган ва шарафланган аждодларимиз ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларни етиштирган таълим-тарбия тизими, хусусан ўтмишдаги олий таълим муассасалари ҳақида ҳам чуқур мулоҳаза юритиш, мавжуд манбаларнинг маълумотлари асосида уларни ўрганиш ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади.

«…минг йиллар давомида мавжуд бўлган жамият, қандай тарзда бўлмасин, таълим-тарбия тизимисиз бўлмаган. Унинг ўзига хос хусусиятлари, муассасалари, таълим тарбия дастури (таълим босқичларига кўра), ўқув қўлланма ва дарсликлари, ўқиш жараёни қонун қоидалари, ўқитувчилар, мударрислар ва улар олдига қўйиладиган талаблар, ўқитиш услубияти, ўқувчиларни имтиҳон қилиш, ўқитувчи, муддарисларнинг аттестацияси, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш каби қатор масалалар бўлган.

Инсоният ўзини танибдики, у ҳаётни, табиатни билиш ёшларни ҳаётга ўргатиш ва тарбиялаш, маънавиятини шакллантириш муаммоларига дуч келиб, бу муаммоларни ҳар бир даврда дунёқараши, ҳаётий тажрибалари ва ижтимоий эҳтиёж асосида ҳал қилишга уринган: турли хил ёзувларни яратган, уларни ўргатувчи (ўқитувчи) ва ўрганувчи (талаба)лари ҳам бўлган» (Б.Валихўжаев). Мана шу мавзуда тадқиқот олиб борган Комилхон Каттаев тадқиқотларида Самарқандда фаолият кўрсатган 50 дан зиёд мадрасалар ҳақида етарлича маълумот бериб ўтади. Унинг муқаддимасида таъкидланганидек, асосан, мадрасаларнинг тарихи, уларнинг аниқ жойлашган мавзелари, таълим тизими ва иш юритиш принциплари қадимий қўлёзма китоблар, вақфнома ва васиқа ҳужжатлари ҳамда замонавий ёзишмалардан кенг фойдаланган ҳолда фикрлар билдирилган.

photo_2020-07-13_15-20-51.jpg

Олимларнинг олий таълим тизими тарихи борасида олиб бораётган ишлари таҳсинга сазовор. Чунки қуёш бош кўтарадиган шарқдаги олий таълим муассасалари шарқдан нур олиб тараққиётга кўтарилган ғарбнинг олий таълим муассасаларидан аввал пайдо бўлганлиги шак-шубҳасиз. Академик Ботурхон Валихўжаев мадрасаи олияни битирганларга дарс ўтиш учун ижозатнома – диплом берилганлиги, ана шундай «диплом»лардан бири Қозизода Румий имзоси остида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётганлиги ҳақида маълумот берган. Энг асосийси, мазкур мадрасаи олияни битирганлик ҳақидаги ҳужжат – «диплом» фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки, Хуросон ва бошқа давлатларда ҳам эътироф этилган. Бу эса Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг ўз давридаги мақоми нақадар юксак бўлганлигидан гувоҳлик беради.

Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли ва энг қадимий ўқув юртларидан бири бўлган Самарқанд давлат университети тарихи ва бугунги фаолиятини, унинг юртимиз илм-фани ривожида тутган беқиёс аҳамиятини кўрсатиш, мазкур тарихий ҳақиқатни кенг ёритиш орқали ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат-эътибор, уларнинг муносиб давомчилари бўлиб етишиш руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

СамДУ ректори, профессор Р.И.Холмуродовнинг «Самарқанд давлат университети – Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусида қилган суҳбатлари ана шу вазифани амалга оширишда таянч роль ўйнайди. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорини нафақат, Самарқанд Давлат университети жамоаси, балки бутун илм аҳли катта хурсандчилик билан қўллаб-қувватлайди.

Бугунги ислоҳотлар фарзандларимизни бебаҳо маданий ёдгорликларимиз, маданиятимиз ва буюк тарихимизга фахру ифтихор, келажакка эса ишонч ва кучли эътиқод туйғулари билан тарбиялашимиз учун замин яратмоқда. Мана шундай ислоҳотлар натижасида мен Самарқанд давлат университети жамоасини, барча илм аҳлини, хусусан университетда таҳсил олган барча олимларимиз ва ҳамкасбларимизни 600 йиллик юбилей муносабати билан табриклайман. Келгусида университет фаолиятига улкан зафарлар тилаб, буюк олимлар етиштиришда устозларга узоқ умр тилайман. Самарқанд давлат университети келгусида буюк алломаларни ўқитиб, тарбиялаб етиштиришларига шубҳам йўқ ва бу йўлда устозларга муваффақиятлар тилаб қоламан.

Шоҳида Шакирова,
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази
бош мутахассиси,
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори

3 087
ЎзА