ЎзА Ўзбек

25.07.2018 12:30 Чоп этиш версияси

SAMARKAND CITY “Ипак йўли” фонди билан ҳамкорликда қурилади

SAMARKAND CITY “Ипак йўли” фонди билан ҳамкорликда қурилади
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Хитойнинг “Ипак йўли” фонди ижрочи вице-президенти Си Циньбо бошчилигидаги делегация 24 июль куни Самарқанд шаҳрига келди.

2014 йил декабрь ойида Хитойда ташкил этилган мазкур инвестицион фонд Буюк ипак йўли атрофида жойлашган мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида йирик лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради.

photo5386654236848269571.jpg

Жорий йил 6 июнь куни Пекинда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вa Ипак йўли фонди ўртасида “Samarkand city-1” сайёҳлик зонасини қуриш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича 2017-2020 йилларга мўлжалланган тадбирлар дастури” доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа юртимизда туризм соҳасини замон талаблари даражасида тараққий эттиришга қаратилган. Лойиҳа Самарқанд шаҳрининг машҳур тарихий ва маданий марказ сифатидаги туристик салоҳиятини ошириш ва “XXI аср Ипак йўли дурдонаси” яратилишини ўз ичига олади.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов меҳмонларни қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарга ташрифи билан қутлаб, вилоят иқтисодиёти, туристик салоҳияти ҳақида сўзлаб берди. Самарқанднинг Хитой провинциялари ва шаҳарлари билан ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини таъкидлади. “Samarkand City-1” туристик зонасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ҳам икки томон учун ҳар жиҳатдан манфаатли бўлиши қайд этилди.

Хитойлик меҳмонлар туристик зона қурилиши режалаштирилган ҳудуд ва таклиф этилаётган лойиҳалар билан танишди.

Шунингдек, Самарқанднинг тарихий-маданий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат) ЎзА
8 115