ЎзА Ўзбек

10.09.2018 18:34 Чоп этиш версияси

Самарали учрашувлар, фойдали мулоқотлар

Мамлакатимизга Хитой Халқ Республикасининг Шанхай аёллар федерацияси вице-президенти Лю Ци бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Хитой делегацияси вакиллари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга эъзоз ва эътибор кўрсатиш, рағбатлантириш борасида бир қатор давлат дастурлари, ижтимоий лойиҳалар ҳаётга изчил жорий этилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 2 февралда қабул қилинган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон аёллар манфаатларини ҳимоялашда янги босқични бошлаб берди.

Учрашув чоғида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги иштирокининг ҳуқуқий асослари ва аҳамияти ҳақида хорижий мамлакатлар тажрибаси, бу борада Ўзбекистонда тизимли тарзда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.

Мамлакатимиздаги етакчи жамоат ташкилоти саналган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни чуқур ва атрофлича ўрганиш, мавжуд долзарб масалаларга ўз вақтида ва тезкор ечим топиш, мураккаб вазиятда қолган аёлларга кўмаклашиш бўйича кўплаб амалий чора-тадбирларни, маърифий лойиҳаларни ҳаётга изчил жорий этмоқда.

– Ташриф давомида юртингизда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилганига гувоҳ бўляпмиз, – дейди Шанхай аёллар федерацияси вице-президенти Лю Ци. – "Бир макон, бир йўл" халқаро ташаббуси асосида кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу жиҳатдан келгусида ташкилотларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайишига шубҳа йўқ. Шанхай иқтисодий, савдо-сотиқ маркази бўлган йирик шаҳарлардан саналади. Биз Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан Шанхайда учрашишни мамнуният билан кутиб қоламиз. Буларнинг барчаси биргаликда турли мавжуд долзарб масалаларга ечим топиш имконини беради.

Мулоқот давомида асосий эътибор хотин-қизларнинг иқтисодий билимларини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини кучайтириш бўйича халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига қаратилди. Келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасида келишиб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Шанхай аёллар федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ташриф доирасида Шанхай аёллар федерацияси делегацияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент вилояти ижтимоий мослашув маркази ва бошқа ташкилотларга ташриф буюриб, ўзбекистонлик хотин-қизларга яратилган шароитлар билан атрофлича танишди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 605