ЎзА Ўзбек

13.09.2018 21:35 Чоп этиш версияси

Самарали учрашувлар

Самарали учрашувлар Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 13 сентябрь куни Япония ташқи ишлар вазири М.Сато, адлия вазири Й.Камикава, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Н.Сузуки, “Митсубиши” компанияси катта маслаҳатчиси М.Сасаки билан учрашувлар ўтказди.

Делегациянинг ташрифи доирасида Жаҳон банки офисида Ўзбекистонга бағишланган инвестиция форуми бўлиб ўтди. 

photo6111538454627199000.jpg

Учрашувлар ва Кунчиқар юрт ишбилармонларида қизиқиш уйғотган инвестиция форумида Япония вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан таништирилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар туфайли давлат органлари фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошди, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити анча яхшиланди, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорлик мустаҳкамланиши кузатилмоқда. 

photo6111538454627199001.jpg

Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, савдо режимини соддалаштириш, туризмни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ўзгаришларни маъқуллади. Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари ўз чиқишларида иқтисодиёт, банк-молия тизимини эркинлаштириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга юксак баҳо берди.

Япония расмий ва ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги ислоҳотларга кўмаклашишга, мамлакатимиз бозорида юқори технологик ва ўзаро фойдали лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди. 

photo6111920504853080134.jpg

Қайд этилганидек, Токиода ўтказилган музокаралар натижалари мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон-Япония ҳамкорлиги стратегик шериклик муносабатларига асосланган узвий ва илдам алоқаларнинг янги босқичига ўтиш даврида турибди. 

ЎзА
5 708