Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.02.2018 13:07 Чоп этиш версияси

Самарали ташқи сиёсат – ривожланиш омили

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари томонидан мамлакатимиз миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда асосий эътибор Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишидаги нутқларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва илмий доиралар вакиллари билан ушбу учрашувларда кўтарилган масалаларнинг ечимлари бўйича давлат томонидан таклиф этилган асосий йўналиш ва замонавий ёндашувларни муҳокама қилишга қаратилди.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналишида хорижий давлатлар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Ушбу устувор тамойилларга таянган ҳолда Мудофаа доктринаси сифат жиҳатидан янгиланди. 2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилиб, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Раҳмоновнинг сўзларига кўра, Мудофаа доктринасининг маъно-мазмуни биринчи маротаба очиқлик хусусиятига эга бўлди. Бу эса Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишларни белгилаб берди.

Тадбирда ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва инвестициялар жалб қилиш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини масъул котибият сифатида мувофиқлаштириш, туризмни ҳар томонлама ривожлантириш, хориждаги фуқароларимиз ва ватандошларимиз билан тизимли ишлашни ташкил этиш Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятининг асосий вазифаларига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, ҳар томонлама етук, ўз касбига садоқатли профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети олдида турган долзарб вазифалар борасида сўз юритилди.

Давра суҳбати давомида “Ўзбекистон Республикаси дипломатик хизмати тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро нормалари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави лойиҳасини янада мукаммаллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Нурилло Насриев, ЎзА
7 695