Самара ҳар бир ишнинг асосий мезонидир
Соҳада қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг қонунийлиги ва самарадорлигини аниқлаш учун уларнинг ўз вақтида бажарилиши назорат қилингандагина ташкилот фаолияти самарали бўлади.
Соҳада қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг қонунийлиги ва самарадорлигини аниқлаш учун уларнинг ўз вақтида бажарилиши назорат қилингандагина ташкилот фаолияти самарали бўлади. Назорат ўз навбатида, шартнома ва ижро интизомига риоя қилишга ҳисса қўшади ва ходимлардан юқори касбий маҳорат ва малакани талаб қилади.
Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини назорат қилиб бориш, ҳуқуқбузарликлар содир қилинганда тегишли чораларни кўриб боришда катта қадамларни ташламоқда.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида бошқарма ходимлари томонидан ваколатли органларнинг 25 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатларини аниқланган. Хусусан, давлат хизматларини кўрсатишда белгиланган муддатларни бузиш ҳолатлари - 21 691 тани, тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолатлари – 2 000 тани ташкил қилиб, қолган 1 500 таси бошқа қонун бузилиш ҳолатлари сабабли аниқланган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Давлат хизматлари марказлари ва my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлари давлат идоралари томонидан тўғридан-тўғри кўрсатилиши маъмурий жавобгарликка олиб келади.
Ҳисобот даврида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан бошқарма ходимлари томонидан 160 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 3 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.
Соҳада амалга оширилаётган ишлар давлат хизматлари сифатини ошириш билан бир қаторда ушбу йўналишда ҳуқуқбузарликлар сонини йилдан-йилга камайтиришга хизмат қилиб келмоқда.
Жумладан, статистик маълумотларга кўра, 2019-2020 йилларда бошқарма томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони қарийб 4 499 тага камайган. Яъни, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари 30 315 тани ташкил қилган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида кўрсаткич 25 816 тани ташкил этди.
Умуман олганда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятда давлат хизматлари кўрсатилишида қонун бузилиш ҳолатлари камайганлиги, ушбу соҳадаги тизимли ишларнинг самараси ҳамда давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар ходимларининг бу йўналишдаги ҳуқуқий билим ва масъулиятларининг ортганлиги билан изоҳланади.
Шаҳноза ЯҚУБОВА, Давлат хизматлари агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўбаси етакчи мутахассиси