ЎзА Ўзбек

04.04.2018 12:21 Чоп этиш версияси

Самарқандлик тадбиркор Душанбеда корхона очди

Президентимизнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чоғида Душанбе шаҳрида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилган эди.

Мазкур ярмаркада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар тожикистонликларда катта қизиқиш уйғотиб, юртимиздаги саноат корхоналари ва тадбиркорлар билан ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.

– Кўргазмада биз ҳам кўп тармоқли фермер хўжалигимизда тайёрланаётган паррандачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини намойиш этдик, – дейди Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов. – Тожикистонлик дўстларимизга замонавий технология асосида парранда боқиш, парҳез гўшт ва тухум етиштириш бўйича фаолиятимиз манзур бўлиб, ушбу йўналишда ҳамкорликни таклиф этди. Бу таклиф бизга ҳам маъқул бўлди ва Душанбе шаҳрида фермер хўжалигимизнинг шуъба корхонасини очишга қарор қилдик. Айни пайтда ҳужжатларни расмийлаштириш ва корхонани рўйхатга олиш ишлари якунланди. Яқин кунларда ушбу корхонамиз орқали тожикистонлик тадбиркорларга жўжа ва парранда еми етказиб беришни бошлаймиз. Бу фермер хўжалигимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур кўп тармоқли фермер хўжалигининг Жомбой туманида ҳам паррандачилик фабрикаси ва мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш, қадоқлаш цехи фаолият юритмоқда. Ушбу маҳсулотлар ички бозорга чиқарилиши билан бирга, асосий қисми хорижга экспорт қилинади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
6 366