Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Самарқандга келувчи сайёҳлар кўпаяди, чунки...

Самарқандга келувчи сайёҳлар кўпаяди, чунки...
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоятда туристик хизматлар билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 85 фирма, 107 меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Улар 4500 га яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

– Туризм соҳаси субъектлари билан ҳамкорликда ўтказилган сўровномалар шуни кўрсатадики, аксарият сайёҳлар Ўзбекистонга кириш учун виза олиш шартлиги ва бу жараённинг узоқлигидан шикоят қилишган, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов. – Шу сабабли Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқароларига юртимиз ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилангани, шунингдек, 39 давлат фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилгани мамлакатимизга, хусусан, Самарқандга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони кескин ошишига хизмат қилади. Бу, айниқса, вилоятимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга кенг йўл очади. Чунки, айнан Индонезия, Малайзия ва Туркия давлатларидан келаётган сайёҳларнинг деярли барчаси Ислом оламидаги буюк алломаларимиз номи билан боғлиқ масканлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида юртимизга ташриф буюради. Кейинги йилларда айнан ушбу давлатлардаги сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда чартер рейслар орқали Ўзбекистонга саёҳатлар ташкил этилди. Энди бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Бу эса бизнинг зиммамизга жуда катта масъулият юклайди.

9.JPG

Юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида ҳамда давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар асосида вилоятда ушбу йўналишда бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар маркази қурилиши жадал олиб борилмоқда. Зиёратчиларни қабул қилиш учун Имом Бухорий мажмуаси атрофида мусулмончилик қоидалари ва халқаро стандартларга жавоб берадиган 30 га яқин замонавий меҳмонхона комплекслари, овқатланиш, дам олиш масканлари, боғ, хиёбонлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари қурилмоқда. Мажмуага олиб борадиган йўл кенгайтирилиб, атрофи обод этилаётир. Ушбу объектларни қуришга Индонезия, Россия, Малайзия, Саудия Арабистони ва Ҳиндистондан ҳам инвесторлар ўз лойиҳаларини таклиф этган.

10.JPG

Вилоятда мавжуд меҳмонхоналар, ресторан ва сайёҳлик объектларида ҳам зиёрат туризми йўналиши бўйича зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ҳар бир давлатдан келадиган сайёҳлар турмуш тарзига мос яшаш шароити яратиш, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда, таомномалар тайёрлашга эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд дунёнинг 20 га яқин шаҳари билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. Жорий йилда эса улар сафига Испаниянинг Валенсия, Япониянинг Нара, Туркиянинг Истанбул шаҳарлари қўшилади. Айни пайтда биродарлашган шаҳарлар ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш борасида музокаралар олиб борилмоқда.

12.JPG

Вилоятда тарихий-маданий, зиёрат туризми билан бирга, эко ва агро, гастрономик, экстремал ва бошқа сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун жойларда зарур инфратузилма яратилаётир. Жумладан, олис туманларда катта меҳмонхона қуриш иқтисодий жиҳатдан самарасиз экани ҳисобга олиниб, уй-меҳмонхона тизимини ривожлантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилда Қўшработ, Ургут ва Самарқанд туманларида 30 та уй-меҳмонхона ташкил этилади.

Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида бу йил Самарқанд халқаро аэропорти орқали Индонезия, Россия ва бошқа давлатларнинг бир қатор шаҳарлари билан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан Туркиянинг Истанбул шаҳрига авиақатнов ҳафтасига 2 марта амалга оширилади. Ўз навбатида, Туркиянинг “Turkish Airlines” авиакомпанияси Самарқандга ҳафтасига 3 та рейс ташкил этиш таклифи билан чиққан. Шунингдек, Қозоғистоннинг Алмати ва Тожикистоннинг Душанбе шаҳарлари билан аввал чартер рейсларни амалга ошириш, жорий йил охирига қадар эса тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

18.JPG

Айни пайтда вилоятдаги сайёҳлик фирмаларининг 16 тасида замонавий туристик классдаги 1875 ўринли 98 транспорт воситаси мавжуд. Уларнинг 79 таси туристик автобус ва 7 таси микроавтобусдир. Албатта, бу бир вақтнинг ўзида 3-4 минг нафар сайёҳ ташриф буюрганда уларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш имконини бермайди. Президентимиз фармонига кўра, ҳайдовчиси билан 8 ва ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган туризм тоифасига оид транспорт воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб киришда божхона тўловлари тўлашдан озод этилиши ушбу муаммога ҳам ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Энди транспорт корхоналари қўшимча енгилликларга эга бўлган ҳолда, автотранспорт паркларини кенгайтириш имконияти яратилди.

Самарқанд – инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бориб кўриши шарт бўлган дунёнинг эллик шаҳри қаторида эътироф этилган. Ер юзининг турли минтақаларида яшовчи миллионлаб кишилар бу қадимий кентни томоша қилиш, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлишни истайди. Бугун юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор нафақат мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш ва юртимиз туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади, балки бизга таниш ва нотаниш, аммо хайрихоҳ бўлган ана шу сайёҳлар орзуларининг ушалишига ёрдам беради.

Демак, Самарқандда кўришгунча!

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
9 019