Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 12:35 Чоп этиш версияси

Самарқанддаги тест жараёнларини кузатиш учун жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди

Самарқанддаги тест жараёнларини кузатиш учун жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди

Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Қобилов олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тест синовлари жараёнининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш, бундан аҳолини кенг хабардор этиш мақсадида шундай ташаббус ўртага ташланганини баён этди.

20.JPG

– 1 август куни ижтимоий тармоқларда Самарқандда куннинг биринчи ярмида ўтказилган тест синовлари вақтида ота-оналар жараённи кузатиб бориши учун ўрнатилган мониторларнинг айримлари ишламагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, – дейди Р.Қобилов. – Бу техник нуқсонлар қисқа вақтда бартараф этилди. Шунга қарамай, ота-оналарда турли тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун ўша пайтнинг ўзида Давлат тест маркази вилоят бўлими билан келишган ҳолда бир гуруҳ ота-оналарнинг тест ўтказилаётган биноларга кириб, жараённи бевосита кузатишига имконият яратилди. Бугун эса маҳаллий кенгашлар депутатлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда абитуриентларнинг ота-оналаридан иборат жамоатчилик назорат гуруҳи ташкил этишга қарор қилдик.

31.JPG

Жамоатчилик назорати гуруҳи абитуриентларни бинога киритиш, тест ўтказиладиган жойларда яратилган шароит ва жараённи бевосита кузатиб, бу ҳақда ота-оналарга маълумот бермоқда.

– Тест синовлари жараёни катта мониторларда ҳамда интернетда онлайн тарзда намойиш этилиши билан бирга юздан ортиқ кузатув камералари орқали ёзиб олинмоқда, – дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд филиали мутахассиси Аббос Мавлонов. – Бу ҳар бир абитуриентнинг тестдаги иштирокини кузатиш ва қоидага зид ҳолат рўй берса, тегишли тартибда чора кўриш имкониятини беради. Шу сабабли мониторларда айрим нуқсонлар пайдо бўлганда ҳам жараён тўлиқ ёзиб олинаётганини унутмаслик лозим.

– Тест синовларида қатнашаётган қизим мониторда кўринмагач, бу ҳақда жамоатчилик назорат гуруҳига мурожаат қилдим, – дейди Ф.Шукруллаев. – Сўнгра улар билан бирга бино ичкарисига кириб, имтиҳон қандай бораётганини кузатдим. Тўғриси, бунчалик шароит яратилганини кутмагандим. Ҳаммаси қатъий интизом асосида, адолатли ташкил этилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
7 529