Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 18:23 Чоп этиш версияси

Самарқанддаги мактабга Люсьен Керен номи берилди

Самарқанддаги мактабга Люсьен Керен номи берилди Самарқанд шаҳридаги француз тилига ихтисослашган 43-умумтаълим мактаби эндиликда франциялик темуршунос олим, профессор Люсьен Керен номи билан аталади.

8 сентябрь куни мазкур таълим муассасасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолан де Вильмор хоним ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этиб, Люсьен Кереннинг Амир Темур ва темурийлар давлатчилик тарихини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасидаги хизматлари ҳақида сўз юритди.

photo5233214485794236792.jpg

Европа темуршунослигида француз олимлари ҳамиша олдинги ўринда турган. Бу борада профессор Люсьен Керен (1920-2013)нинг алоҳида ўрни бор. Таниқли олим 1978 йилда “Амир Темур салтанати” номли асарини чоп этган. 1996 йилда А.Саидов билан ҳаммуаллифликда тайёрлаган “Амир Темур ва Франция” рисоласи ўзбек тилида нашр қилинган. 2006 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги муносабати билан Парижда “Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат” фундаментал тадқиқот асарини яратган.

Люсьен Керен ташаббуси билан Парижда ташкил этилган Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси бугун ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

Меҳмонлар муассасада яратилган шарт-шароитлар, ўқув жараёнлари билан танишди. Виолан де Вильмор хоним мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларга Люсьен Керен ва бошқа француз олимлари асарлари, бадиий адабиётларни совға қилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА