ЎзА Ўзбек

03.07.2018 12:45 Чоп этиш версияси

Болани назоратсиз қолдирманг!

Болани назоратсиз қолдирманг!

Сувда чўкиб, ҳалок бўлаётганларнинг 70 фоизи спиртли ичимлик истеъмол қилиб чўмилиш оқибатида, ёш болаларда эса ота-оналар томонидан назоратсиз қолдирилиши натижасида рўй берган

Сув ҳавзалари, кўллар, ариқ ва каналлар чўмилувишга рухсат этилганми, йўқми – бу кўп ҳолларда ота-оналарни ҳам, болаларни ҳам қизиқтирмайди.​ Шу боис ҳар йили мавсум арафасида рухсат этилмаган ва тақиқланган жойларда (дарё, канал, ариқ ва сув ҳавзаларида) чўмилишнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар кучайтирилади. Аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилади. Чунки белгиланмаган сув ҳавзаларида чўмилиш, болаларнинг назоратсиз қолдирилиши оқибатида, афсуски, кўнгилсиз ҳодисалар ҳам юз бермоқда.

Мисол учун, вилоятимизда 2013 йилда 22, 2014 йилда 9, 2015 йилда 7, 2016 йилда 6 ва 2017 йилда 18 нафар фуқаро турли сабаблар билан сувга чўкиб кетган. Бундай нохуш ҳолатлар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, Каттақўрғон, Ургут, Самарқанд, Булунғур ва Нарпай туманларида нисбатан кўпроқ кузатилмоқда.

Кейинги икки йил давомида фуқароларнинг сувда чўкиб ҳалок бўлиши Дарғом ва Нарпай каналлари, Каттақўрғон сув омборининг чиқиш ўзани, Зарафшон дарёси ва Каттақўрғон сув омборида қайд этилган. Ҳалок бўлган фуқароларнинг 42,5 фоизини 23 ёшдан 53 ёшгача, 35 фоизини 13 ёшдан 22 ёшгача бўлган фуқаролар, 22,5 фоизини 12 ва ундан кичик ёшда бўлган болалар ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг 22 июнь куни Пастдарғом туманидаги Олти қаҳрамон маҳалласидан оқиб ўтувчи “Анҳор” каналида 2012 йилда туғилган 6 ёшли боланинг жасади топилган ва унинг сувда чўкиб, ҳалок бўлгани аниқланган. Катта ёшдагилар ўртасида сувда чўкиб ҳалок бўлишнинг 70 фоизи спиртли ичимлик истеъмол қилиб чўмилиш оқибатида, ёш болаларда эса ота-оналар томонидан назоратсиз қолдирилиши натижасида рўй берган.

Ёзнинг жазирамасида ҳамма ҳам сув ҳавзасида чўмилиш, ҳордиқ чиқаришни, иссиқнинг тафтини енгишни истайди. Бунда чўмилиш учун рухсат берилган, зарур шарт-шароит яратилиб, хавфсизлик чоралари кўрилган жойлардан фойдаланилса, айни муддао бўларди. Негаки, бундай масканларда фуқароларнинг чўмилиши учун барча шароит яратилган бўлади. Қутқарувчи ғаввослардан иборат қутқарув постлари ташкил этилади.

А.Турдиқулов,
Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар
бошқармаси аҳоли ва раҳбарлар таркибини
тайёрлаш маркази ўқитувчиси.

ЎзА
15 430