Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.07.2018 09:30 Чоп этиш версияси

Самарқандда ёшлар куни кенг нишонланди

Самарқандда ёшлар куни кенг нишонланди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бу йил илк бор ўтказилаётган “Ёшлар куни” тадбирлари Самарқандда ҳам юксак савияда ташкил этилди.

30 июнь куни эрта тонгдан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги истироҳат боғлари, хиёбонларда ёшлар сайиллари ўтказилди.

Самарқанд шаҳридаги Мустақиллик кўчасида уюштирилган “Ёшлар – келажагимиз!” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирларда истеъдодли ёшларнинг ранг-тасвир асарлари, миллий ҳунармандлик буюмлари, ёш тадбиркор ва фермерлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Турли танлов ва спорт мусобақалари, мушоиралар ўтказилди. Ҳарбий қисмларда эса “Ватан ҳимояси – юксак масъулият” мавзусида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. 

31.JPG

Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши аъзолари ва фаол ёшлар иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Учрашув вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари билан видеоселектор тарзида ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг юртимиз ёшларига йўллаган байрам табригини Самарқанд вилоят ҳокими Т.Жўраев ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 июнда қабул қилинган “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу мукофот билан тақдирланган самарқандлик йигитлар – Самарқанд шаҳридаги “Регистон Камолжон” хусусий корхонаси раҳбари Камолжон Акилов ва Республика олимпия захиралари коллежи 3-босқич ўқувчиси Илҳом Баҳромовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти тантанали равишда топширилди.

12.JPG

– Мен 12 ёшимда ота-онамдан айрилганман, – дейди Камолжон Аликов. – Ҳозирда 21 ёшдаман. Шу пайтгача давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб ўсдим. Ёшлар иттифоқининг ёрдами билан 30 миллион сўм кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдим. Ушбу мукофот ҳам менинг келажак тақдиримни белгилаб, жамиятда ўз ўрнимни топишимга ёрдам беришига ишонаман.

Учрашув давомида вилоят ҳокими ёшларни ўйлантираётган муаммоларни эшитиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. Йигит-қизларнинг бир қатор таклиф ва ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

– Ёшлар бандлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади, – дейди Қўшработ туманидаги 12-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Ирода Маматова. – Бу, айниқса, қўлида касб-ҳунари бўлса-да ҳеч қаерда расман ишламаётган ёшлар учун катта муаммо. Шу сабабли учрашувда ҳар бир туман, шаҳарда “Менинг қўлим гул” деган танлов ўтказиб, ёшларнинг маҳоратига қараб уларни ишга қабул қилиш бўйича таклиф билдирдим. Ушбу таклифим вилоят ҳокимига манзур бўлганидан хурсандман.

Байрам муносабати билан Самарқанд туманидаги 32 ёш оилага янги уйларнинг калити топширилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бештадан кам таъминланган, ижтимоий ҳаётда фаол ёшларнинг намунавий никоҳ тўйлари ўтказилди.

28.JPG

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида вилоятдаги олий ўқув юртлари битирувчиларига дипломлар тантанали топширилди. Пойтахтдан ташриф буюрган ҳамда вилоятнинг таниқли санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА Алишер Исроилов олган суратлар
4 670