ЎзА Ўзбек

25.04.2018 13:43 Чоп этиш версияси

Самарқандда ёш ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазма танлови ўтказилди

Самарқандда ёш ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазма танлови ўтказилди Самарқандда “Амалий санъат – истиқболли ёшлар қўлида” номли республика ёш ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазма танлови ўтказилди.

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида илк бор ташкил этилган танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан дастлабки босқичда ғолиб бўлган 28 нафар ёш ҳунарманд қатнашди.

3.JPG

4.JPG

– Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа тараққиётида янги давр бошлаб берди, – дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмасининг ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Дилшод Сатторов. – Мазкур ҳужжат асосида ҳунармандларга берилган кенг имтиёз ва имкониятлар натижасида аъзолар сони икки баробар ошди. 2017 йилда 1326 та “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этилиб, 3800 дан зиёд ёшларга ҳунар ўргатилган бўлса, жорий йил биринчи чорагида бундай мактаблар 2000 тага кўпайди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда уюшма қошида намунавий “Уста-шогирд” мактаблари фаолияти йўлга қўйилиб, уюшмаган ёшларга ҳунар ўргатилмоқда.

Мазкур танлов ҳам юртимизда мавжуд ҳунармандчилик мактаблари анъаналарини асраш ва қайта тиклаш, бу борада фаолият олиб бораётган истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

– Момоларимиздан мерос ҳунарни давом эттириб келаётган олтинчи авлод гилам тўқувчиман, – дейди Сурхондарё вилояти Бойсун туманида якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаётган ёш ҳунарманд Назокат Собирова. – Ота-онам болалигимдан шу ҳунарни ўргатишган. Ҳозирда турли гиламлар билан бирга, миллий услубдаги сумкалар, кийим-кечаклар тайёрлаб, сотяпмиз. Уч нафар тенгдошимни ёнимга олиб, уларга ҳам ҳунар ўргатяпман. Маҳсулотларимиз билан халқаро кўргазмаларда қатнашиб, буюртмалар олмоқдамиз. Ушбу ҳунар туфайли даромад қилаётганим, элга нафим тегаётганидан хурсандман.

Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилар “Энг ёш моҳир ҳунарманд”, “Янги инновацион лойиҳалардан фойдаланган ҳунарманд”, “Энг ёш ҳунарманд қиз” каби номинациялар бўйича ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
8 997