ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Самарқандда “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси ўтказилади

Самарқандда “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси ўтказилади

“Валдай” халқаро мунозара клуби халқаро экспертлар иштирокидаги таҳлилий марказ бўлиб, 2004 йили Россиянинг Новгород областида ташкил этилган.

Клубнинг номи илк конференция шу ҳудуддаги Валдай кўли яқинида ўтказилгани билан боғлиқ. Клубнинг асосий вазифалари этиб экспертлар, сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва журналистлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этишга кўмаклашиш, халқаро муносабатлар, сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, энергетика ва бошқа соҳалардаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, XXI асрда жаҳондаги асосий жараёнлар ва тенденцияларни олдиндан баҳолаш каби йўналишлар белгилаб олинган.

“Валдай” халқаро мунозара клубининг конференцияси ўтган давр мобайнида минтақавий муаммолар ва умумий глобал таҳдидлар бўйича экспертлар мулоқотини ташкил этиш майдонига айланди.

Жорий йилги конференция “Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик” мавзуида ўтказилади. Клуб юбилей конференцияни ўтказиш учун Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бўлган Ўзбекистонни танлаган. 

Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётган минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш сиёсати Марказий Осиёдаги муҳитни ижобий томонга ўзгартиргани эътиборга олинди. Бугунги кунда Осиё минтақаси замонавий дунёнинг муҳим геосиёсий марказларидан бирига айланиб, жаҳон иқтисодий ривожланишини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда. Бу эса конференциянинг аҳамиятини янада оширади.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “Анъанавий Валдай конференцияси – 2019” ялпи сессиясидаги чиқишида Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик тамойиллари хусусида сўз юритар экан, моҳиятан янги дунёвий тартибнинг келажагини тасвирлаб берди. Ўнинчи бор ўтказиладиган конференция иштирокчилари ҳам жаҳон ва минтақа етакчилари қарашларини таҳлил қилиб, ҳудуд келажагига дахлдор ғояларни илгари суради.

“Валдай“ мунозара клубининг бугунги кундаги фаолияти асосан глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнларни тадқиқ этишга йўналтирилган. Ташкил этилгандан бошлаб клуб ишида 74 мамлакатдан мингдан ортиқ эксперт қатнашгани ушбу мунозара майдонининг қисқа вақт ичида халқаро экспертлар жамоатчилиги томонидан нуфузли тузилмалардан бири сифатида тан олинганини англатади.

“Валдай" клуби тадбирларида машҳур давлат ва жамоат арбоблари, таниқли экспертлар иштирок этади. Улар муҳим муаммолар ечими бўйича қарорлар ишлаб чиқиш жараёнида қатнашади, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатининг долзарб масалаларига оид таклифларни илгари суради.

2009 йилдан буён клуб тадбирларида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Италия, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон каби йирик давлатлардан экспертлар иштирок этиб келяпти.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари ўтказиладиган Осиё конференциясида 11 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан 70 дан ортиқ эксперт иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бу галги конференцияни ташкил этишда “Валдай“ мунозара клубининг ҳамкори ҳисобланади.

Анжуман кун тартибига қўйилган масалалар орасида халқаро хавфсизлик ва макроминтақавий барқарорликни ривожлантириш мавзулари муҳим ўрин тутади. Минтақавий ҳамкорликни биргаликда ривожлантириш, глобал барқарорлик даражасини ошириш йўлларини қидиришга бағишланган шўъба мажлислари ташкил қилинади. Осиё минтақаси истиқболини белгилашдаги ёндашувлар муҳокама этилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама мулоқотлар келажаги алоҳида шўъба мажлисларида муҳокама қилинади. Унда ўзаро алоқаларнинг жорий ҳолати, икки давлат ҳамкорлигининг янги шакл ва йўналишларини топиш масалалари кўриб чиқилади.

796
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА