Самарқандда уйини сув босган аҳолига ёрдам кўрсатилди
Жорий йилнинг 29 апрель куни соат 16:00 дан соат 18:00 га қадар Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир, жала ёғиши кузатилди.
Жорий йилнинг 29 апрель куни соат 16:00 дан соат 18:00 га қадар Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида кучли ёмғир, жала ёғиши кузатилди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълумотларга кўра, кучли ёмғир оқибатида Самарқанд шаҳрининг Галаосиё, Сўзангарон, Мирзо Улуғбек, Шоҳи Зинда, Тунукасозлар, Ойбек ва Избоскан кўчалари ҳудудида йиғилган сувнинг ариқлардан тошиб чиқиши сабабли 8 нафар фуқаронинг ҳовлиси ва ертўлаларига сув кирган.
Жала оқибатларини бартараф этишга вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 6 та махсус техника ва 44 нафар шахсий таркиб вакиллари, ободонлаштириш бошқармаси, “Сувоқава” ДУКдан 8 та махсус техника ва 52 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинди.
Булунғур туманида ҳам 29 апрель куни соат 16:00 дан 16:30 га қадар ёмғир аралаш жала ёғиши оқибатида Булунғур, Алишер Навоий, Гулистон, Ғўбдин маҳаллаларида айрим аҳоли хонадонларига сув кирган.
Кучли ёмғирдан, айниқса, Ғўбдин маҳалласи Лалмикор қишлоғи аҳолиси кўп зарар кўрган. Бу ердаги 20 та ҳовлини сув босган, 11 та хонадон ичкарисигача сув кирган.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, талафот оқибатларини бартараф этиш ва аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида туман ҳокимлиги ва мутасадди идоралар масъулларидан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилди.
Ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бўлимлари, “Тоза ҳудуд” ва “Сувоқова” корхоналари ходимлари томонидан аҳолига зарур ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, М-37 йўлининг тумандан ўтган қисмида сув қочириш ишлари амалга оширилиб, йўлни тозалаш ишлари олиб борилди.