ЎзА Ўзбек

16.05.2019 17:15 Чоп этиш версияси

Самарқандда судьялар кимга хизмат қилади? (видео)

Самарқандда судьялар кимга хизмат қилади? (видео)

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ўз ҳимоясига олган Насиба Худойқулованинг кимлиги, қилган ишлари ҳақида батафсил ёзсак, катта бир китоб бўлади. Шунинг учун соф хронологик тарзда бўлиб ўтган ишларни санаб ўтамиз, холос.

Худойқулова Насиба 1982 йили Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани Чоргўша қишлоғида туғилган. Пахтачи туман педагогика коллежини «Мактабгача таълим муассасаларида ва бошланғич синфларда жисмоний тарбия ташкилотчиси» мутахассислиги бўйича тугатган.

Насиба илк бор 2000 йилда Зиёвуддин қўрғонида яшовчи Бахтиёр Улуғовга турмушга чиққан. Эрининг айтишича, бир кун ҳам яхши яшамаган. Нуқул онасиникига «қочган». 2001 йилда қизи туғилган. 2003 йилда ўғли туғилган, аммо уч ойлик эмизикли болани отасига ташлаб, ажрашиб кетган. Судда болаларидан воз кечган. («Мен онангман», деб борганида эса, бўй етиб қолган қиз ва ўғил ҳам ундан воз кечган!)


Насиба иккинчи марта Нарпай тумани Чақар қишлоғида яшовчи Жасур Исмоиловга турмушга чиқади. Эгиз фарзанд кўради. Ҳусанини отасига ташлаб, ногирон туғилган Фотимасини олиб, иккинчи эридан ҳам ажрашиб кетади.

Учинчи марта Насиба Пахтачи туманидаги Боғолони қишлоғида яшовчи Жавлон Ибодовга турмушга чиқади. Калтагига чидаёлмай, бир йилда бу эридан ҳам ажрашиб кетади.

2010 йил 1 ноябрдан то 2013 йил 11 февралгача Навоий шаҳридаги 16-махсус (ногирон болалар учун) боғчада ярим ставка тарбиячи лавозимида ишлайди. Жами иш стажи 2 йил 3 ой 11 кун.

Насиба Худойқулова 2017 йил 15 ноябрдан Самарқанд шаҳар Рўдакий кўчаси 7-уйда ижарада туради ва ўша кундан бошлаб хат ёзиш мумкин бўлган жамики идораларга ўзининг ногирон боласи борлигини пеш қилиб, аввал аравача, кейин бошпана, ундан сўнг моддий ёрдам, кейин иш ва ниҳоят уй сўраб хатлар ёза бошлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасига устма-уст ёзган мурожаатлари ўрганилиб, тегишли ёрдамлар берилади, аммо унинг дипломи билан у сўраган иш ва у сўраган уйни беришнинг имконияти йўқлиги тушунтирилади.

Ана шундан кейин Насиба Худойқулова ногирон қизини судраб, барча идоралар раҳбарларига «ҳужум» бошлайди. Шаҳар ва вилоят хотин-қизлар қўмитаси раисидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раисигача, шаҳар ва вилоят ҳокимларидан тортиб, Халқ таълими вазиригача, ҳатто Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлисгача тинимсиз шикоят қилиб бораверади. Ўзини вазир машинаси тагига ташлайди...

Адоғи йўқ шикоятбозликдан безор бўлган Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Т.Жўраев унинг боласига аравача ҳам беради, темирйўлчилар ётоқхонасига ҳам жойлаштиради, энг қизиғи, «Битта аёлга тўрт соат иш топиб беринглар, мен шундан қутулай!» дея шаҳар ва вилоят ХТБ бошлиқларига босим ўтказиб, Самарқанд шаҳридаги 48-мактабга, Н.Худойқулова истаган ишга – ўзининг 4-синфда ўқиши керак бўлган ногирон боласига уй муаллимаси қилиб ишга ҳам жойлаб қўяди.

Ногирон қизининг орқасидан мақсадига етишаётган аёлнинг нафси ҳам тобора ҳакалак отиб бораверади. Энди у вилоят ҳокимидан ногирон қизи учун уй сўрайди. Уй билан талаби тугармикан, деган хаёл билан вилоят ҳокими шаҳар ҳокимидан ногиронлар учун қурилган уйдан икки хона ажратишни талаб қилади ва Спитамен шоҳкўчасида қурилган 161-уйдан Худойқулованинг ногирон қизи учун икки хонали хонадон ажратилади.

Шу билан Насиба Худойқулованинг орзулари тугади, дерсиз? Кошки эди!

Энди у юқори синфга ўтган қизига алоҳида фан ўқитувчилари ўтиши шарт бўлган «10 та фанни ҳам ўзим ўқитаман, бунинг учун менга тўрт ярим миллион сўмдан маош тўлайсан, қўшимча ҳам, устама ҳам тўлайсан», деб талаб қўя бошлайди.

Аслида, бошланғич синфда ҳам боласига дарс беришга ҳақи бўлмаган, коллеж дипломига ва боғчадаги ярим ставкали 2 йилу 3 ой 11 кун иш стажига эга аёл олий маълумотли ўқитувчи ҳам талаб қилишга ҳақи бўлмаган нарсани талаб қилади. Табиийки, мактаб директори Шаҳло Ҳасанова унинг талабини қондиришнинг сира иложи йўқлигини айтади ва у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади. Бунгача у касаба уюшмасининг ҳам, шаҳар ва вилоят ХТБ раҳбарларининг ҳам тегишли қарорларини олади.

Насиба Худойқулова мактаб директорини судга беради ва Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судидан «иш»ни чақириб олган ФИБ Самарқанд вилоят суди судьяси Турдалиев Худойқулованинг «Ўз ишига тиклаш» талабини қаноатлантиради. 

Яъни, коллежни битирган, саводи ҳам ҳаминқадар бўлган аёл 5-синфдан 11-синфгача ўз боласини ўзи ўқитишини қонунлаштириб берди.

Уят жойи шундаки, Насиба Худойқулованинг судда раислик қилувчига «Агар талабимни қондирмасангиз, кеча меникида тунаб қолганингизни ҳаммага ошкор қиламан!» деган гаплари ҳал қилувчи роль ўйнайди (Судда иштирок этганларнинг барчаси буни тасдиқлашди.)

Бу қарорга на мактаб директори, на шаҳар ва на вилоят ХТБ кўнади. Улар аппеляция беришади. Аммо аппеляция судида ФИБ вилоят суди раиси Тожибоев аввалги қарорни ўз кучида қолдиради. Мактаб директорининг важлари, бу диплом билан иш бериб бўлмаслиги ҳақидаги эътирозлари ҳам, қолаверса, Худойқулова ҳозир бошқа жойда яшаётгани ва у ҳудуд бошқа мактабга қарашли экани ҳам эътиборга олинмайди. Қайтанга унга ЖК нинг 232-моддаси эслатиб қўйилади: «Суд қарорини қасддан бажармаслик жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади».

Хуллас, суд нотўғри қарор чиқариб, қонун номи билан мактаб директорини ноқонуний иш қилишга мажбур қилади. Суд қарорини таъминлаш мақсадида мактаб директори Н.Худойқуловага 1 соат технология дарсини бериб, иш билан таъминлашга мажбур бўлади. Қолган дарсларини ўтиш учун гарчи, мактаб ва унинг уйи орасидаги масофа узоқ бўлса-да, фан ўқитувчиларини тайин қилади, уларга алоҳида дарс жадвали тузади. Аммо Н.Худойқулова 10 та фанни ўзи ўқитиш илинжида бирорта ўқитувчини уйига киритмайди. Борган ўқитувчиларни «Боламни заҳарлайсизлар, ўлдириб кетасизлар», деган туҳматлар билан уриб, сўкиб ҳайдайди. 10 та фанни ўзи ўқитаётгани учун фантастик маошни талаб қилиб, турли идораларга шикоятбозликни бошлайди.

Уйига келган ўқитувчиларни уриб, сўкиш билан қаноатланмаган Насиба Худойқулова 48-мактабга бориб, у ерда ҳам шаллақилик қилиб, ўта уят сўзлар билан ҳақоратлайди, ҳатто бир неча ўқитувчини, хусусан, директорни, директор ўринбосарларини ҳам уриб келади. 23 апрель куни директор ўринбосари Дилдора Бўриевани ҳатто унинг ҳомиладор эканига ҳам қарамасдан дўппослаб, юз-қўлларини, қулоқларини юмдалаб ташлайди (Д.Бўриева тиббий экспертизадан ўтган.)

Суд қароридан норози бўлиб, барча юқори ташкилотларга шикоят қилган мактаб директорининг мурожаатлари жавобсиз қолгач, у журналист сифатида каминага мурожаат қилди.

Камина, аввало, мактабга бориб, ўқитувчилар жамоаси билан суҳбатлашдим. Барча ўқитувчилар бир овоздан Насиба Худойқуловадан безор экани, у билан бирга ишламасликларини, унинг хулқи жуда бузуқлиги, тарбиясиз ва ўта маданиятсиз экани, муомала маданияти умуман йўқлиги, кийиниши ҳам ўқитувчи деган номга муносиб эмаслиги ва ўта очиқ кийиниши, нуқул уят сўзлар билан сўкиниши, тўғри келган одамни уриб, дўппослаб кетишини, бўлар-бўлмасга қўлини кўрсатишини айтишди. Унинг қизини ўқитишга масъул бўлган ўқитувчилар ҳам бир овоздан унинг уйига бормасликларини таъкидлашди.

– Бу аёлнинг руҳий хаста, жуда тажовузкор экани кўриниб турибди, – дейишди тажрибали ўқитувчилар. – Уни холис руҳшунослар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказиш шарт. Бунақа тажовузкор аёлни дарс бериш ҳуқуқидангина эмас, оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилиб, фарзандини ундан ҳимоя қилиш керак.

Муаллимлар ошириб юбораётгандир, деган хаёлда бир неча ўқитувчи билан бирга у яшайдиган уйга бордик. Маҳалла фаоли ва қўшнилари билан унинг эшигини тақиллатдик.

–Кимсан? Ким сени ёллаган? Бор, тошингни тер! Авлиё бўлсанг ҳам уйга киритмайман!

Биринчи эшитганимиз шу сўзлар бўлди. Ўзимизни таништиргач, эшикни очди. Аммо бирданига директор ва бошқа ўқитувчиларга ташланди. Уларни ҳақорат қилиб, икки ўқитувчининг юзига бир шапатдан туширди. Уларга айтган сўзларини бу ерда ёзишга мен уяламан.

Бир илож қилиб, ичкарига кирдик.

– Сизни ҳам ўша юбордими?

Мен «ўша»нинг кимлиги билан қизиқдим. Навоий шаҳар ички ишлар идорасида ишлайдиган бир раҳбар ходим фарзандсиз эмиш ва Насибадан ўзига битта бола туғиб беришни талаб қилаётган эмиш ва тинмай таъқиб қилаётган эмиш…

Мен уни тушунишга ҳаракат қилдим. Бу муаллимлар айтган касалликнинг бир симптоми бўлиб, у галлюцинация дейилади. Яъни, касал одамга йўқ нарсалар ҳам кўринаверади, айтилмаган гаплар ҳам эшитилаверади ва ҳоказо.

Хуллас, Насиба билан суҳбатимиз қовушмади. Унинг эшитиш қобилияти мутлақо йўқ эди. Унда тўхтовсиз гапириш, гапирганда ҳам баланд овозда, эркаклар ҳам айтишга уяладиган сўзларни, қилиқларни ишлатиб (қўлини кўрсатиб) гапириш, шанғиллаш қобилияти бор эди.

– Ким бўлсанг бўл, қаерга борсанг бор, нима деб ёзсанг ёз! Сенларни бир тийинга ҳам олмайман! Мен боламни ўзим ўқитаман! Менга тўланмай, йиғилиб қолган юз миллион сўм маошимни ундираман! Директорни ишдан олдираман! Шунгача ишим суд билан, мактабини ҳам, маҳалласини ҳам, ҳаммасини судга берганим берган! Ҳаммасини қаматаман! Судлар мен томонда! Сенга жавоб беришга мажбур эмасман, уйимни бўшатиб қўй!

Бу сўзлардан кейин унинг уйини бўшатмасликнинг иложи йўқ эди…

Шундан сўнг у ўсган маҳаллага, ўқиган, ишлаган, яшаган жойларига бордим. Бирор жойда у ҳақида бир оғиз илиқ сўз эшитмадим. Қайтанга унинг ёлғончилигига, қалбаки ишига ҳам гувоҳ бўлдим. Меҳнат дафтарчасида Пахтачи туманидаги 43-мактабда уч йил ишлагани ёзилган Н.Худойқулованинг у мактабда бир кун ҳам ишламагани ошкор бўлди.

– Мени ҳам шантаж қилиб, меҳнат дафтарчасига сиртқи ўқишга кириши учун уч йил сохта стаж ёздириб олувди, – деди мактабнинг ўша вақтдаги директори Боймурод Эшмуродов (У шўрлик ҳам энди бу «иши»га жавоб беради!)

Навоийдаги махсус боғчада ҳақиқатдан ҳам икки йилдан ошиқроқ ярим ставка тарбиячи бўлиб ишлаган экан, аммо у ерда ҳам роса ҳунарини кўрсатган.

Бу можароларга муносабатларини билиш учун Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасига бордим. ХТБ мудири ўринбосари Улуғбек Мамарасулов барча бўлим бошлиқлари, шаҳар ХТБ раҳбарларини ҳам йиғди. Мен масъул ходимларнинг сўзларини батафсил келтирмайман, аммо барчаси Н.Худойқуловага жуда ёмон тавсифнома бериб, суд қарори нотўғри эканини айтишди. Суднинг судлигидан қўрқиб, 48-мактаб директорига ноқонуний тарзда Н.Худойқуловани иш билан таъминлашни буюриб турганликларини таъкидлашди.

– Аслида, бу аёлни таълим соҳасига яқинлаштирмаслик керак, – деди Самарқанд шаҳар ХТБ мудири вазифасини бажарувчи Рўзимурод Маҳмудов. – Негаки, у жуда беандиша ва шаллақи. ХТБга келиб, жанжал қилишидан, бизни ҳам уриб кетиши ёки бирор ёмон туҳмат қилишидан қўрқамиз.

– Суд дипломи ҳеч қандай педагогик фаолият кўрсатиш ҳуқуқини бермайдиган одамни ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарса чиқарибди, аммо унга ойлик тўланса, суд эмас, бошқа идора директорнинг ишини текшириб, унга жиноий иш очиб юборади. Чунки, Худойқуловага юқори синфларда дарс ўтди, деб ойлик тўлаш молиявий жиноят бўлади. Фуқаролик суди Худойқуловани хурсанд қиламан, деб мактаб директорини молиявий жиноятга итараяпти, – деди ХТБнинг молия-назорат бўлими бошлиғи Ҳусниддин Мустафоев.

– Суд Худойқулова ҳақида биздан хулоса олиши керак эди, ваҳоланки, бизга қулоқ ҳам солмади, – деди шаҳар ХТБ ҳуқуқшуноси Олим Абдусамиев суд қарори ҳақида. – Иш фақат унинг манфаатинигина ҳимоя қилди. Мактаб, таълим соҳаси, ёш авлод келажаги, мактабда бу аёлнинг соғлом муҳитни бузаётгани ҳақида ўйламади ҳам, эшитмади ҳам.

– Таълим тўғрисидаги қонун ва Низомларда барча мактабларда олий маълумотли мутахассислар ишлаши белгилаб қўйилган. Кимнидир ишга олиш, дарс соатларини тақсимлаш кабиларда мактабга ташқаридан тазйиқ ўтказилиши мумкин эмас, – деди вилоят ХТБ бошлиғи ўринбосари У.Мамарасулов. – Қандай ташкилот бўлмасин, юқори идораларнинг талаби қонунга зид бўлса, мактаб раҳбарияти бу талабларни бажармасликка ҳақи бор. Мен 48-мактаб директори Худойқулова билан тузилган шартномани ҳақли равишда бекор қилган, деб ҳисоблайман. Худойқулованинг ўзини тутишини кўриб, уни ўқитувчи дейишга тилим бормай қолди. Ўз қизига бўлса ҳам 5-синфда дарс беришга ҳақи йўқ. Давлатнинг ўз қонун-қоидалари бор. Суднинг Худойқуловани ишга тиклаш тўғрисидаги қарори Ўзбекистоннинг барча қонунларига зид. Мен ўзим бу ишни назоратга оламан ва ишонтириб айтаманки, Президентимиз таълим соҳасига шахсан катта эътибор қаратиб, ўқитувчи шаънини улуғлаб турган бир пайтда бундай кимсаларга таълим соҳасида жой қолдирмайман. Бир ой ичида таҳририятингизга ҳамма иш қонунан ҳал қилингани, Насиба Худойқуловага ўз ўрни кўрсатиб қўйилгани ҳақида жавоб хати ёзаман!

Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг қадрини кўтариш, унинг турмуш шароитини яхшилаш тўғрисида устма-уст қарорлар чиқариб, фармонлар имзолаётгани жуда яхши ва буни таълим соҳаси вакиллари кўп йиллар интиқ кутишганди. Халқ таълими вазири ҳам Президентнинг бу эътиборидан руҳланиб, “Ўқитувчининг ойлик маошини 1000 доллар қиламан”, деб ваъда бериб юборди. Булар кўнглимиздаги гаплар, жуда кўп кутилган орзулар. Аммо ёш авлод тарбия топадиган масканда, келажагимиз қўлида бўлган фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланадиган муқаддас даргоҳда, бу табаррук соҳада биз ҳикоя қилган, таърифлаган аёлга ўхшаган номуносиб инсонлар бўлиши жиноят! Зеро, бундай инсонлар ёш авлодни тарбиялаш ўрнига уни бир умрга заҳарлайди! Бундайлар келажагимизнинг илдизига урилган болта. Бошқа таъриф бериш қийин.

Ҳа, айтганча, сарлавҳага қайтсак. Самарқандда судьялар кимнинг манфаатини ҳимоя қилаётганини англаб етгандирсиз?

Аммо, нега? Нима учун? Ниманинг эвазига?

Муаллиф, 48-мактаб жамоаси, Самарқанд шаҳар ва вилоят ХТБ раҳбарлари Ўзбекистон Олий судидан ушбу мақолани ва журналистик суриштирув натижалари акс этган ҳужжатли фильмни ФИБ Самарқанд вилоят суди қарори устидан киритилган раддия, яъни протест деб қабул қилишини, Н.Худойқуловага оид ишни адолат билан кўриб, холис қарор чиқаришни кутиб қолади. 

Каримберди ТЎРАМУРОД, 
журналист

PS:
Мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан жавоб кутамиз.

ЎзА
8 755