ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Самарқандда “Silk road bazaar” миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали ўтказилди

Самарқандда “Silk road bazaar” миллий ҳунармандчилик ва савдо фестивали ўтказилди

Халқаро сайёҳлик куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда нафақат Самарқанд вилояти, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган уста-ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этди.

– Ота-боболаримиз пичоқчилик билан шуғулланиб, бу ҳунарни санъат даражасига кўтарган, – дейди наманганлик пичоқчи уста Одилжон Каримов. – Мен еттинчи авлод вакилиман. Пичоқларимиз асосан пўлатдан ясалади. Уларни сифати ва фойдаланилган хомашёсига қараб, баҳолаймиз.

photo_2019-09-28_20-11-43.jpg

Фестивалда Самарқанднинг бетакрор кашталари, Марғилон адраслари, Бухоронинг зарчопонлари, кулолчилик маҳсулотлари хорижлик меҳмонларнинг эътиборини тортди.

– Самарқанд нафақат ўзининг тарихий обидалари, балки ҳунармандчилик маҳсулотлари билан ҳам қадимий шаҳар ҳисобланади, - дейди мексикалик сайёҳ Лаура Анлле. – Менга айниқса, қўлда тикилган кашталар ёқди. Уларнинг чизмалари ўзига хослиги билан ажралиб турибди.

photo_2019-09-28_20-11-47.jpg

Бу йил Самарқандда иккинчи бор ўтказилган “Silk road bazaar” (“Ипак йўли бозори”) фестивалида дунёга машҳур Самарқанд нонлари, шарқ ширинликлари, серқуёш юртимизда етиштирилган турли хил мева ва полиз маҳсулотлари савдо ярмаркаларини маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳайрат билан томоша қилди, харидларни амалга оширди.

Вилоятдаги фольклор этнографик жамоалар томонидан бадиий дастурлар, театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.

Тадбир доирасида вилоятда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган ва мазкур соҳада фаол иш олиб бораётган сайёҳлик фирма ва компаниялар, ҳамкорлик ташкилотлар вакиллари, ҳунармандлар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда туризмни ривожлантириш департаменти томонидан муносиб тақдирланди.

photo_2019-09-28_20-11-45.jpg

6 415
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири