ЎзА Ўзбек

21.07.2020 Чоп этиш версияси

Самарқандда шу пайтгача 67 нафар тиббиёт ходими “COVID-19”ни юқтириб олди

Самарқандда шу пайтгача 67 нафар тиббиёт ходими “COVID-19”ни юқтириб олди

Самарқанд вилоятида жорий йил 15 мартдан буён 31 минг 200 нафарга яқин фуқаролар тиббий кузатувга олиниб, уларнинг 27 962 нафарида касаллик аниқланмаганлиги учун тиббий назоратдан чиқарилган.

Бугунги кунда карантинга олинганларнинг 2885 нафари уй шароитида, 348 нафари махсус муассаса ва шифохоналарда тиббий кузатувда турибди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобиловнинг маълум қилишича, карантиндаги фуқаролар ва коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга 4356 нафар врач ҳамда 10686 нафар ўрта ва кичик ходимлари тиббий хизмат кўрсатмоқда. Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларни саралаш учун врач инфекционист, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокорларидан ташкил топган 21 та мобил бригада ташкил этилди. Ҳар бир мобил бригада махсус автотранспорт ва ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан маблағлари ҳисобидан шу пайтгача 2392 нафар тиббиёт ва бошқа ходимларнинг ойлик лавозим маошларига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун 10 миллиард сўм берилган. Шунингдек, 506 нафар тиббиёт ва бошқа ходимларга касалликка чалинган беморларни даволашда қатнашгани учун (5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача) 14 миллиард 123 миллион сўм ажратилган.

Афсуски, ўтган вақт мобайнида вилоятда 67 нафар тиббиёт ходими беморларни даволаш ва хизмат вақтида COVID-19 касаллигини юқтириб олган. Уларнинг 21 нафарини врач, 24 нафарини ўрта тиббиёт ходими ва 22 нафарини кичик тиббиёт ходими ташкил этади.

2 697
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА