Самарқандда кексалар марафони ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 сентябрдаги қарорига кўра, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 27 сентябрдаги қарорига кўра, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.
Айни кунларда мазкур ҳафталик муносабати билан Самарқанд вилоятида ҳам кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш ва бой ҳаётий тажрибаларидан фойдаланишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳрида нуронийлар иштирокида ташкил этилган марафон ҳам ҳафталикнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган фахрийлар Регистон майдони яқинида тўпланиб, дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди. Шундан сўнг спортсевар фахрийлар Ислом Каримов кўчаси бўйлаб 5000 қадам юриш марафонида қатнашди.
– Кейинги йилларда юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган жуда катта эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб, ўзимизни ёшаргандек ҳис қиляпмиз, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Ҳамроқул Рофиев. – Энди қаранг, октбярь ойининг биринчи ҳафтаси ҳам “Кексалар ҳафталиги” деб эълон қилинди. Бу албатта, нуронийлар умрига умр қўшиб, ҳаётига янада мазмун бағишлайди. Муҳими, халқимиз шу кунларда кекса авлод вакилларига яна ҳам кўпроқ меҳр, эътибор кўрсатади. Бугунги марафон эса нафақат кексалар, балки ёшлар ўртасида ҳам спорт орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади.
Марафондан сўнг вилоят нуронийлари бир пиёла чой устида суҳбат қурдилар.