ЎзА Ўзбек

01.05.2018 21:23 Чоп этиш версияси

Самарқандда фавворалар сайли

Самарқандда фавворалар сайли 1 май куни Самарқанд шаҳрида фавворалар сайли тадбирлари ўтказилди.

Ушбу сана қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда илк бор 2015 йилда нишонланган эди. Шундан буён бу тадбир анъанага айланиб, ҳар йили шаҳар аҳли ва меҳмонлари томонидан катта қизиқиш ва иштиёқ билан ўтказилмоқда.

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, фаввора инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Дам олувчига ҳузур бахш этиб, чарчоқни чиқаради, асабни тинчлантиради ва кайфиятни кўтаради. Кечқурунлари фаввора жилосига тикилиб, ундан баҳра олган кишининг қон айланиш тизими ва мия фаолияти яхшиланади. Шу боис бугунги кунда Самарқанд шаҳрида мавжуд 31 та нурли, 2 та нурли-мусиқали, 2 оддий фаввора атрофи доим гавжум. Айниқса, кечки пайт бу масканларда оилавий ҳордиқ чиқариш учун келган кишилар кўп бўлади.

4.JPG

– Ўтган йил вилоят театри олдида очиқ саҳна ташкил қилиниб, бу ерда концерт ва маданий дастурлар намойиш этила бошлангач, кечки сайрларимиз яна ҳам мароқли ўтмоқда, – дейди Самарқанд шаҳридаги Бирлик маҳалласида яшовчи А.Шерхолов. – Кўксарой майдони ва театр биноси олдидаги фавворалардан завқланиб, ушбу саҳнадаги концерт дастурларини мириқиб томоша қиламиз. Бугунги оммавий сайллар ҳам барча ҳамшаҳарларимиз ва меҳмонларга манзур бўлди.

Фавворалар сайли тадбирлари Самарқанд шаҳридаги Кўксарой ва Театр майдонларида, Амир Темур номидаги ва Университет хиёбонларида, Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдонда, “Шоирлар боғи”да, Самарқанд темир йўл вокзали ҳамда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ўрнатилган ҳудуддаги фавворалар атрофида кенг ҳалқ оммаси иштирокида ўтказилди.

13-faqat saytga.JPG

28--faqat saytga.JPG

Бу масканларда ўрнатилган саҳналарда самарқандлик таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар намойиш этилди. Шунингдек, оммавий рақс, турли викторина ва танловлар, беллашувлар ўтказилди.

Тадбирлар жараёнида фавворалар атрофида таниқли мусаввирлар ёш рассомлар учун маҳорат сабоқлари ўтди, мавзуга оид расмлар кўргазмалари намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
13 882