Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 17:20 Чоп этиш версияси

Самарқандда “Энг намунали оила” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танловда 16 туман ва шаҳардан келган намунали оилалар вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида оила жамиятнинг асосий бўғини экани, юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Халқимизда оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади деган гап бор, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова. – Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, оиладаги соғлом ижтимоий-маънавият муҳит камолга етаётган ёшлар таълим-тарбияси, тафаккур ва дунёқараши шаклланишида муҳим аҳамият касб этади, жамиятнинг бугуни ва эртанги кунини белгилайди. Шу боис мамлакатимизда ёшларни оилага тайёрлаш, оилани муқаддас қадрият сифатида асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун жойларда ўтказилаётган халқ билан мулоқот жараёнларида ҳам оила билан боғлиқ қадриятлар устувор аҳамиятга эга бўлмоқда.

Иштирокчилар ўз оилаларидаги муҳит, ота-она ва фарзандлар муносабати, қўни-қўшнилар билан яқинлик, таълим муассасалари билан ҳамкорлик ва китобхонлик маданияти ҳақида маълумот берди. Оила аъзоларининг тадбиркорлик, томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, “Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги” мавзусидаги видеоролик ва слайдлар намойиш этилди.

Каттақўрғон шаҳридан Ғуломшер Ражабов оиласи энг намунали, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Иккинчи ўринни қўшработлик Ариповлар, учинчи ўринни Самарқанд туманидан Неъматовлар оиласи эгаллади.

Шунингдек, “Китобсевар оила”, “Спортчи оила”, “Ишбилармон оила”, “Меҳрибон қайнона”, “Ораста оила”, “Саховатли оила”, “Ибратли келин” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 189






Все о погоде - Pogoda.uz