ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Самарқандда Австрия ишбилармонлари иштирокида бизнес форум ўтказилди

Самарқандда Австрия ишбилармонлари иштирокида бизнес форум ўтказилди

Самарқанд шаҳрида Австрия Республикаси ва Самарқанд вилояти ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес форум ўтказилди.

Форум аввалида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва Австрия федерал иқтисод палатаси бошлиғи Рихард Шенц Ўзбекистон ва Австрия ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий ҳамкорлик самаралари, икки давлат ишбилармонлари учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида маълумот берди. Тадбиркорларни ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишга даъват этишди.

Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳияти, мавжуд ресурслар тўғрисидаги тақдимот намойиш этилди. 

Шундан сўнг Австриядан келган 30 дан ортиқ компаниялар вакиллари қурилиш, туризм, нефт-кимё, гўшт ва сутни қайта ишлаш, темирйўл, иситиш ва совутиш тизимлари, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар тайёрлаш, қоғоз ишлаб чиқариш, гидроэлектр станциялари учун ускуналар, канализация ва чиқиндиларни тозалаш ва қайта ишлаш, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун ўз хизматларини таклиф этишди.

photo5382155228540939510.jpg

– Биз оқова сувларни тозалаб, яна истеъмолга яроқли ҳолга келтириш, оқова сув жиҳозларини янгилаш, аҳоли пунктлари ва тоғли ҳудудларда оқава сув тизимлари қуриш билан шуғулланамиз, – дейди Австриянинг WABAG компанияси вакили Томас Рашке. – Чиқиндидан брикет тайёрлаш, метан газ ишлаб чиқариб, генераторлар ёрдамида ҳеч қандай станцияларсиз электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам фаолиятимизнинг асоси ҳисобланади. Самарқандлик ишбилармонларда компаниямиз фаолиятига катта қизиқиш билдирилди. Келгусида ҳамкорликда ишлаш ниятимиз бор.

Форум давомида Австрия компаниялари вакиллари ва вилоятимизнинг 40 га яқин ишбилармонлари иштирокида B2B ва G2B форматида учрашувлар ўтказилди, муҳим келишувларга эришилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида Австрия тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 7 қўшма корхона фаолият юритмоқда.

1 024
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА