ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:36 Чоп этиш версияси

Самарқандда "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи очилди

Самарқандда "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи очилди Самарқанд давлат университетида "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Б.Ҳасанов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва бошқалар Ватанимиз мустақиллиги ҳамда тинчлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини абадийлаштириш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

19.JPG

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам шу мақсадга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

– Юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилганлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг мардлиги ва жасорати ҳақида ёш авлодга таъсирчан маълумотлар етказиш муҳим вазифамиз ҳисобланади, – дейди музей директори Суюн Каримов. – Музейни ташкил этишда белгиланган низом талабларига эътибор қаратилди. Хусусан, маърифатпарвар, халқпарвар аждодларимизнинг эл-юрт озодлиги, халқни маърифатли қилиш борасидаги машаққатли меҳнатлари ҳақида кенг маълумотлар тўпланди. Тарихий ҳужжатлар, ашёлар жамланиб, музейдан ўрин олди.

25-faqat saytga.JPG

Музейда “Ўрта Осиё (Туркистон)нинг Чор Россияси томонидан босиб олиниши ва маҳаллий халқнинг бунга қарши кураши, Самарқанднинг босиб олиниши (1868-1900)”, “Миллий уйғониш ҳаракати, унинг намоён бўлиши ва амалий йўналишлари (1901-1917)”, “Туркистон мухторияти ҳукумати тугатилиши ва совет давлатида қатағон сиёсатининг бошланиши (1917-1924)”, “1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар”, “1940-1950 йиллардаги қатағон сиёсати”, “Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар (1991 йилдан кейинги давр)” каби 8 бўлим мавжуд.

Уларда мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида рўй берган ҳодисалар, ушбу даврда Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон қурбон қилган, қатағон этилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида атрофлича маълумотлар келтирилган. Шунингдек, ушбу даврларга оид суратлар ва турли буюмлар музей экспонатлари қаторидан жой олган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
2 733