ЎзА Ўзбек

07.09.2018 19:55 Чоп этиш версияси

Самарқандда ҳам Вебстер университети магистратураси очилади

Самарқандда ҳам Вебстер университети магистратураси очилади Самарқанд давлат чет тиллар институтида АҚШнинг Вебстер университети вице-президенти Питер Махер бошчилигидаги олимлар билан учрашув ўтказилди.

Вебстер университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамкорлигида кадрлар тайёрлаш бўйича жорий йилда муҳим келишувларга эришилди. Май ойида Вебстер университети вакиллари Самарқандга келиб, институт фаолияти билан танишди. Июль ойи охирида эса самарқандлик олимлар Америкада бўлди.

– Бу бизнинг Самарқандга иккинчи ташрифимиз, – дейди Вебстер университети чет тили факультети декани Дже Кайзер. – Бугунги музокаралар давомида Тошкентда бўлгани каби 2019 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институтида “Инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш” академик дастури бўйича бир йиллик магистратура курсларини ташкил қилишга келишиб олдик.

Америкалик олимлар Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчилари учун семинар-тренинг ўтказиб, инглиз тилини ўқитиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, келгусида Вебстер университети талабалари учун Самарқандда қисқа муддатли “Ўзбек тили ва маданияти” ўқув курсларини ташкил қилиш, америкалик профессор-ўқитувчиларни Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқув жараёнига жалб этишга келишиб олинди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 415