ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Самарқандда 622 та бўш ер участкалари онлайн-аукционда сотилди

Самарқандда 622 та бўш ер участкалари онлайн-аукционда сотилди

Самарқанд шаҳрида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион ва танлов савдоларига қўйилган давлат мулки объектлари, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ, давлат мулки ижараси ва бошқа объектларни сотиб олиш тартиб-таомилларини тушунтириш ҳамда ягона электрон майдончадан фойдаланиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

“Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари М.Хўжаев, “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси ер ресурслари бўйича онлайн-аукционларни ташкил этиш бўлими бошлиғи М.Турдиев ва бошқалар самарқандлик тадбиркорларга мазкур янги тизимнинг афзалликлари, улардан фойдаланиш тартиблари ҳақида маълумот берди.

photo5460853486263577955.jpg

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси аукционларнинг очиқ ва шаффоф муҳитда, ортиқча бюрократик тўсиқларсиз ўтказишга, коррупцияга барҳам беришга, савдоларда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга хизмат қилади.

– Маълумки, 2017 йил 1 сентябрдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдолар фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида инсон аралашувини истисно этадиган махсус дастурий маҳсулотдан фойдаланилган ҳолда ўтказилмоқда, – дейди М.Хўжаев. – Ушбу тизим ўзини оқлагани боис, бошқа йўналишлар бўйича ҳам ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ, давлат мулки объектлари, улушлари ва ижараси, дарёлар ўзанларини тозалаш орқали қум-шағални қазиб олишга бўлган ҳуқуқ, қимматбаҳо металларни қазиб олишга лицензия бериш, “Айдар-Арнасой” кўллар тизими сув ҳавзаси участкаларидан фойдаланиши ҳуқуқи, ҳудудларни санитария жиҳатдан тозалаш ҳуқуқи ҳам онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланди.

Шунингдек, жорий йил 2019 йил 26 август куни давлатимиз раҳбари томонидан “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда арихитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилиниб, тадбиркорлик субъектларига яна кўплаб енгиллик ва қулайликлар яратилди.

Жумладан, 2019 йил 1 октябрдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкаларини тақдим этиш ҳоллари бундан мустасно). Жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштириш учун таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди. Кейинчалик эса бу таклифлар мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқиш ва электрон онлайн-аукционга қўйишга асос бўлади. Вилоятлар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

photo5460853486263577960.jpg

Учрашувда қайд этилишича, шу пайтгача Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан савдога чиқарилган 294 та мол-мулк (223 та авторанспорт, 49 та кўчмас мулк ҳамда 22 та махсус техника) “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида сотилган. Шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан чиқарилган 622 та бўш ер участкалари ҳам онлайн-аукцион савдоларида реализация қилинган. Ҳозирда 905 та бўш ер участкалари “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида савдога қўйилган.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 37 та бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиб, 28 таси сотилган.

Давра суҳбати давомида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоб берилди.

3 637
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ(сурат), ЎзА