ЎзА Ўзбек

09.06.2018 15:33 Чоп этиш версияси

Самарқандда 52 хонадон эҳтиёжмандларга бепул берилди

Валерия Демяненко Самарқанд шаҳридаги 11-меҳрибонлик уйида тарбияланган. Сўнгра Самарқанд санъат коллежида ўқишни давом эттиргач, ушбу муассаса ётоқхонасида яшаган. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олади. Лекин ҳозиргача ўз уй-жойига эга эмас эди.

Муборак Рамазон ойи давом этаётган қутлуғ кунларда Валериянинг орзуси амалга ошди. Самарқанд шаҳридаги уй-жойга эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган 51 кишига топширилган кўп қаватли хонадонлардан бири унга берилди.

Самарқанд транспорт ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг фойдаланилмасдан бўш турган 3 қаватли биноси жорий йилда 2 миллиард 160 миллион сўм маблағ эвазига 52 та бир ва икки хонали уйларга мослаштирилиб, реконструкция қилинди. Барча хоналар мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, бинонинг биринчи қаватида маънавият ва тиббиёт хоналари ҳамда ушбу уйда яшовчилар бандлигини таъминлаш мақсадида тикув цехи ташкил этилди. Бу ерда Самарқанд шаҳридаги “Бофанда” масъулияти чекланган жамияти томонидан 8 та тикув машинаси ўрнатилди.

– Бугун менинг ҳаётимдаги энг унутилмас кун, – дейди Валерия Демяненко. – Давлатимизнинг бизга бўлган беқиёс эътибори ва ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб, ўз уй-жойимга эга бўлдим. Мен ота-онасиз ўсган бўлсам-да устозларимнинг, яхши инсонларнинг таълим-тарбияси билан жамиятда ўз ўрнимни топишга интилаяпман. Бунинг учун аввало Президентимизга, бағрикенг халқимизга раҳмат айтаман. Мен барчангизни яхши кўраман.

Янги хонадонларни ўз эгаларига топшириш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев иштирок этди ва уй калитларини тантанали топширди. Шунингдек, уй эгаларига вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари берилди.

Тадбирда янги хонадонларга кўчиб ўтган оилалар вакиллари сўзга чиқиб, кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.

– Биринчи гуруҳ ногирониман, – дейди Шоҳиста Файзиева. – Турмуш ўртоғим ҳам имконият чекланган. Шу вақтгача бир нафар қизимиз билан ижарада турар эдик. Уй-жойга муҳтожлигимиз юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганимиздан сўнг ушбу кўп қаватли уйдан бир хоналиси бизга берилди. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
10 455