ЎзА Ўзбек

06.12.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Самарқандда 4028 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда

Самарқандда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Қўмитанинг 2013-2018 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинган тадбирда вилоят аҳолисининг 1 миллион 852 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этиши таъкидланди. Уларнинг 822 минг нафардан зиёди меҳнатга лаёқатли бўлиб, жамият ҳаётининг турли соҳаларида меҳнат қилмоқда. 4028 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатаётир. Халқ депутатлари вилоят кенгашига 20 нафар, туман ва шаҳар кенгашларига 125 нафар аёл депутатликка сайланган. 

Ҳисобот даврида қўмита ва унинг қуйи тизимлари томонидан хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий-ижтимоий муҳофаза қилиш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Бу борада ижобий кўрсаткичларга эришилган бўлса-да, қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва ишга жойлаштириш, оилага тайёрлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан ишлаш, оилавий ажримларни камайтириш борасида бажарилиши лозим бўлган вазифалар жуда кўп. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов ҳисобот юзасидан ўз фикрларини билдириб, қўмита фаолиятини такомиллаштириш, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашда янгича ёндашув зарурлигини таъкидлади. 

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётгани қайд этилди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда хотин-қизлар қўмиталари ва уларнинг бошланғич ташкилотлари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритилди. 

Конференцияда Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасининг янги бошқарув таркиби сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси юзасидан таклифлар билдирилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида ишлаб келган Алимова Гавҳар Зоировна Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб сайланди. 



Ғ.Ҳасанов, ЎзА
3 780