ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:18 Чоп этиш версияси

Самарқандда 38 нафар юртдошимизга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди

Самарқандда 38 нафар юртдошимизга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди
Самарқандда 38 нафар фидойи юртдошимизга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди.

Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур мукофот жамият ҳаётида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор юртдошларимизни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. 

Самарқанд вилоятида бугунги кунда 1100 га яқин маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллани обод масканга, тадбиркорлик марказига айлантириш, ёшлар манфаатини ҳимоялашда мазкур тузилманинг ўрни йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда маҳалла фуқаролар йиғинлари муҳим роль ўйнамоқда. Кейинги йилларда юртимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада кучайтириш борасидаги ислоҳотлар натижасида маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати уч йил этиб белгиланди. Бу ҳақда Конституцияга ҳам тегишли ўзгартиш киритилди. 
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланган фуқароларни табриклаб, уларга мукофотни тантанали топширди. 

– Вилоятимизнинг бир гуруҳ фаоллари қаторида биринчилардан бўлиб ушбу нишон билан тақдирланганимдан хурсандман, – дейди Каттақўрғон шаҳридаги “Қўшҳовуз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сабоат Неъматова. – 1800 дан ортиқ маҳалладошларимнинг менга билдирган юксак ишончи туфайли беш йилдан буён маҳаллага бошчилик қилиб келаман. 410 га яқин хонадон аҳли билан бир оиладек иноқлигимиз, ҳамжиҳатликда ишлашимиз туфайли кейинги 3 йилда ҳудудда бирорта жиноят содир этилмади, оилавий ажримлар бўлмади. Шу боис, бу нишонни бутун маҳалламиз аҳлига берилган мукофот деб қабул қилдим. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди. 

8.JPG

13.JPG

21.JPG


Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА
3 682