ЎзА Ўзбек

18.08.2018 15:06 Чоп этиш версияси

Самарқандда 1000 га яқин оилага моддий ёрдам кўрсатилди

Самарқандда 1000 га яқин оилага моддий ёрдам кўрсатилди
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги байрами олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарининг дастлабки кунида Самарқанд вилоятида 809 минг нафардан ортиқ киши иштирок этди, деб хабар бермоқда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими.

Эрта тонгдан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, муассасаларда катта-ю кичик ҳашарга чиқди. Уларнинг ёрдамида 944 гектар майдон ободонлаштирилди. 1065 та ариқ ва лоток, 632 та қабристон, 25 та зиёратгоҳ ва унинг атрофи тозаланди, 670 минг туп дарахтга шакл берилди.

– Ҳозиргача вилоят бўйича жами 1700 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари тўплаб, белгиланган жойларга чиқарилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси ўринбосари Комил Ҳайдаров. – Бу ишларга 714 та техника жалб этилди. Бундан ташқари, туман ва шаҳарларда эҳтиёжманд 807 оиланинг уй-жойи таъмирланди. Шунингдек, мингга яқин кам таъминланган оилага моддий ёрдам кўрсатилди.

Вилоятда ҳашар доирасидаги ишлар давом этмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
4 854