ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

«Самарқандча латиф шаҳар камроқдур...»

«Самарқандча латиф шаҳар камроқдур...»

Азалдан инсоният тамаддуни,жамият тараққиётида шаҳарлар ҳамиша алоҳида ўрин тутгани яхши маълум. Шу пайтга қадар ер юзида қанчадан-қанча шаҳарлар вужудга келгани, уларнинг қанчаси тарихнинг суронли воқеалари, турли табиий офатлар натижасида йўқ бўлиб кетгани ҳам аён ҳақиқат.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда эллик мингдан ортиқ шаҳар мавжуд. Бироқ, улар орасида икки минг йилдан зиёд тарихга эга бўлганлари бармоқ билан санарлидир. Шу боис ҳам она диёримизда тарихи минг йиллар билан бўйлашадиган шаҳарларнинг кўплиги барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Мустақиллик йилларида тарихий қадриятларимизни қайта тиклаш, улуғ аждодларимиз яратиб қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларининг юбилейлари халқаро миқёсда нишонланди.2008 йилда Самарқанднинг ҳам 2750 йиллиги кенг миқёсда нишонланди.

Қадим Шарқда машҳур бўлган «Самарқанд сайқали рўйи замин аст» мисраси ўтган асрларда қанчалик буюк ва ҳаққоний мазмун касб этган бўлса, бу ҳақиқат, бугун ҳам, эртага ҳам ўз моҳиятини йўқотмаслиги муқаррар.

photo_2020-07-11_15-46-04 (2).jpg

Буюк мутафаккир шоир, Назм мулкининг султони бўлмиш Алишер Навоийдек буюк зотларни камол топишида ҳам Самарқанд беқиёс ўрин тутган эди. Шу боис ул зот «Садди Искандарий» достонида бу шаҳарни «Самарқанди фирдавсмонанд» дея таърифлаган, «Мажолисун-нафоис» тазкирасида ўнлаб самарқандлик шоирлар ижодига муносиб баҳо бериб ўтганлар.Мирзо Бобур«Бобурнома»да унга «Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камракдур» дея баҳо берган.Улуғ аждодларимизнинг бундай эътирофлари бежиз эмас, албатта. Ишончли тарихий манбалар, узоқ йиллардан бери олиб борилаётган тадқиқотлар, илмий изланишлар, асрлар бўйи тилдан-тилга ўтиб келаётган ривоятлар ҳам Самарқанднинг нақадар қадимий, узоқ ўтмишга эга эканини исботлайди.

Тарихчи олимларнинг шаҳодат беришича,Самарқанд тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Марказий Осиё халқларининг муштарак ёдгорлиги - «Авесто»да учрайди. Унда Зарафшон воҳаси«Суғуд» ва «Суғуда Гава» номлари билан тилга олинади. Мутахассисларнинг фикрича, «Суғуда Гава» тушунчаси воҳанинг аҳоли деҳқончилик билан шуғулланадиган қисмига нисбатан, «Суғуд» атамаси унинг пойтахтига нисбатан ишлатилган.

Бу шаҳар илк бор юнон тарихчиси Арриан солномаларида «Мараканда» номи билан аталган. Милодий340-345 йилларда битилган «Искандар сафарномаси» китобида шаҳар Суғдиёнанинг пойтахти Маракунда тарзида зикр этилган.

Самарқанд номи кўпгина тарихий манбаларда «Семизкент» шаклида ҳам учрайди.Буюк алломаларимиз Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Қошғария сарларида ёзилишича, бу сўз қадимги туркий тилда бой, ҳосилдор, серунум шаҳар маъносини англатади. Бу фикр бир қатор хитой, арман тарихчиларининг асарларида, Амир Темур даврида Самарқандга ташриф буюрган испан сайёҳи Дон Рюи Гонзалес де Клавихо кундаликларида, шунингдек, «Бобурнома»да ҳам ифода этилган.

photo_2020-07-11_15-46-04.jpg

Самарқанд ўз тарихи давомида не-не ҳукмдорларни, хон ва амирларни кўрмади. Эрон шоҳи Дородан то Араб саркардаси Қутайбага қадар, Қонхўр Чингиздан то генерал Абрамовгача бўлган қанчадан қанча фотиҳ ва саркардалар бу азим шаҳарни ер билан яксон этмоқ қасдида сурон солиб келган эдилар. Тарихнинг донишмандлигини кўрингки, уларнинг ўзи аллақачонлар тупроққа қорилди. Самарқанд эса ҳануз барҳаёт, ҳамон навқирон. Шаҳарни маҳв этишга чоғланган каслардан нишона қолмади. Аммо, Самарқанд асрлар, минг йиллар оша яшаб келаётир.

Мўғул истилосидан сўнг Самарқанднинг қайтадан қад ростлашига, том маънода Шарқнинг энг беназир кентига айланишида улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг буюк ҳиссаларини эътироф этмоқ жоиздир. Зеро, Самарқанд ва Амир Темур номлари ҳамиша халқимизнинг ифтихори, чексиз фахру ғурур тимсоли бўла олади.

СоҳибқиронАмир Темур даврида бу шаҳарда кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, Самарқанд нафақат буюк салтанатнинг пойтахти, балки чин маънода ер юзининг сайқалига,илм-фан, санъат ва маданият марказига айланди, ривожланди. Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги пайтида бу ерда Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди ва бошқа ўнлаб бебаҳо тарихий ёдгорликлар, мадраса ва карвонсаройлар, ҳаммом ва кўприклар қад ростлади. Гўзал боғ-роғлар яратилди.

Кейинги йилларда шаҳар янада кўркам, гўзал ва бетакрор қиёфа касб этиб бормоқда. Ҳар йили кўплаб замонавий иншоотлар барпо этилмоқда. Аждодларимиз яратиб қолдирган бебаҳо обидалар қайта таъмирланмоқда.

Жорий йилда Самарқанддаги энг гўзал обидалардан бири – Улуғбек мадрасаси ташкил этилганига 600 йил тўлади. Самарқанд Давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг ёзишича, 1420 йил 21 сентябрда Мовароуннаҳр ҳукмдори, шоҳ ва аллома Мирзо Улуғбек ташаббуси билан қурилган ушбу мадрасаи олияда илк бор талабаларга сабоқ берила бошлаган, шу куни биринчи дарсни 90 нафар талабага машҳур аллома Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўтган экан.

photo_2020-07-11_15-46-05.jpg

Таъкидлаш жоизки, Самарқандда олий таълим тизими ундан анча аввалроқ, милодий Х асрлардаёқ бошланган. Бироқ, темурийлар даврида, хусусан Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги остида бу тизим янада такомиллашди. Самарқанддан ташқари, Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида ҳам мадрасалар бунёд этилди. 1436 йилда Кўҳак тепалиги яқинида расадхона бунёд этилди. Бу илмий маскан ўз давридаги энг йирик обсерваториялардан бири ҳисобланган:

Мир Алишер Навоий «Фарҳод ва Ширин» достонида бу тарихий обида ҳақида шундай ёзади:

Расадким, боғламиш зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур…

Мирзо Улуғбек асос солган мадрасалар ва илмий масканлар узоқ йиллар давомида Шарқнинг энг мўътабар даргоҳлари қаторидан жой олиб келди.

Биз узоқ йиллар давомида юртимиздаги олий таълим тизимини бевосита собиқ совет ҳукумати сиёсати билан боғлашади. Самарқандда замонавий кўринишдаги таълим маскани – Самарқанд Давлат университетининг тамал тоши 1927 йилнинг 3 январида қўйилган, деган фикр ҳукмронлик қилиб келди.

Аслида бу шаҳарда олий таълим тизими асрлар давомида мавжуд бўлиб. Тобора сайқал топиб келган. Бу ҳақда тарихий манбалардан истаганча мисол келтириш мумкин.

Бугун Европанинг бир қатор олий ўқув юртлари ўзининг тарихий асоси билан фахрланиб келади. Жумладан Париж (Сорбонна), Прага, Сарагоса, Рим, Оксфорд университетлари ҳам дастлаб диний таълим беришга йўналтирилган кичик таълим масканлари ҳисобланган ва йиллар давомида такомиллашиб борган.

Шарқдаги, хусусан Самарқанд мадрасаларида эса, ўрта асрлардан бошлаб дин ва дунёвий фанлар тенг ўргатиб борилган.

Айни пайтда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 2020 йил 26 июндаги қарорига мувофиқ,Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасаси вориси сифатида 600 йиллигини нишонлашга ҳозирлик ишлар жадал олиб борилмоқда. Мазкур юбилей доирасида халқаро илмий анжуман, қатор фестиваллар, маънавий-маърифий тадбирлар ўрин олган.

Ўйлаймизки, ушбу кенг кўламли тадбир юртимиздаги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири – Самарқанд давлат университетининг тарихий мақомини тиклашда муҳим қадам бўлиб қолади.

Афтондил ЭРКИНОВ,
Филология фанлари доктори,
Рустам ЖАББОРОВ,
тадқиқотчи

2 903
ЎзА