ЎзА Ўзбек

20.08.2018 11:33 Чоп этиш версияси

Самарқанд вилоятида умумий овқатланиш борасида қандай муаммолар бор?

Самарқанд вилоятида умумий овқатланиш борасида қандай муаммолар бор?
Иштихон тумани деҳқон бозори ҳудудидаги мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларининг яроқлилигини таҳлилдан ўтказувчи ветеринария хизмати лабораторияси ходимлари маҳсулотни кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб (органолептик усулда) истеъмолга яроқлилигини аниқламоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар беришича, айни кунларда қуйи палата депутатлари республикамизнинг барча ҳудудларига чиқиб, аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзини юритиш борасида жойларда олиб борилаётган ишларни ўрганмоқда.

39442687_275478489848308_47812880664237178888888_n.jpg
Хусусан, депутатлар томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, спорт таълими муассасалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлар, олий таълим муассасалари ҳамда деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар, умумий овқатланиш объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тиббиёт муассасаларида соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлар таҳлилий ўрганилганда бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, вилоятнинг Иштихон тумани деҳқон бозори ҳудудидаги мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларининг яроқлилигини таҳлилдан ўтказувчи ветеринария хизмати лабораторияси ўрганилганда иш талаб даражасида йўлга қўйилмагани маълум бўлди. Мослаштирилган хонада жойлаштирилган, сув ва канализация билан таъминланмаган лабораторияда таҳлиллар асосан органолептик усулда (яъни, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб) амалга оширилмоқда, мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилик хулосаси берилмоқда. Қолган усуллардан, масалан, бактериологик таҳлилдан деярли фойдаланилмаган.

Мазкур деҳқон бозори ҳудудида жойлашган баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш борасидаги муаммолар ҳам диққатни тортади. Уларда оддий санитар нормаларига ҳам амал қилинмаяпти, ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтганини қайд этувчи дафтар мавжуд эмас.

Ўрганишлар жараёнида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада вилоятнинг айрим туманлари ДСЭНМларига қарашли лабораторияларда бир қанча муаммолар борлиги аниқланди. Уларда зарурий асбоб-ускуналарнинг етарли эмаслиги, жиҳозларнинг эскилиги, сув таъминоти йўқлиги, якуний хулоса беришдаги ноаниқликлар каби масалалар ўз ечимини кутмоқда.

39273572_274547013274789_721836178273206272_n.jpg

Ҳудудларда ўтказилаётган бундай ўрганишлар натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳарлар Кенгашлари сессияларида селектор йиғилиши тартибида муҳокама қилинади.

ЎзА
4 881