ЎзА Ўзбек

21.07.2018 12:31 Чоп этиш версияси

Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналари кенгайтирилади

Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналари кенгайтирилади “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, жами 62,45 ҳудуд Самарқанд вилоят кичик саноат зоналари таркибига қўшимча равишда киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълумот бермоқда.

Шунингдек қарор билан кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш ишларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, манзилли рўйхатда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун умумий қиймати 8 621,0 миллион сўм миқдоридаги маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 16 мартда Президент қарорига асосан Самарқанд вилоятининг 14 та туман (шаҳар)ларида жами 53,1 гектар майдонда кичик саноат зоналари (КСЗ) ташкил этилган эди.

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларини бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган холда 10 йиллик узоқ муддатли ижарага берилади.

ЎзА
6 930