Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 12:50 Чоп этиш версияси

Самарқанд вилояти ҳокими: одамлар учун қулайлик яратиш,турмуш маданиятини ошириш – асосий мезон

Самарқанд вилояти ҳокими: одамлар учун қулайлик яратиш,турмуш маданиятини ошириш – асосий мезон Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган Жом қишлоғида вилоят ва Нуробод тумани фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Обод қишлоқ” дастури асосида Самарқанд вилоятида биринчи бўлиб шу қишлоқда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига киришилган эди. Икки ой ичида Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги 469 турар-жой биноси ҳомийлар ҳисобидан таъмирланиб, уйлар ва уларнинг атрофи тўсиқ деворлар билан ўралди. Яна 194 уйда бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Шунингдек, ҳудудда 1 ҳаммом, 3 автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, 4 озиқ-овқат дўкони, 2 автобекат қурилиши якунига етмоқда.

Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш мақсадида 232 хонадонда имтиёзли банк кредитлари ҳисобидан 1 сотихли ихчам иссиқхоналар ташкил этилиб, сабзавот экинлари парваришига киришилди. Нуробод тумани “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти эса 21 оила учун иссиқхона қуриб, томчилатиб суғориш воситалари ва кўчат билан таъминлади.

4.JPG

Эски ва бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайдиган Жом деҳқон бозори ўрнида замонавий лойиҳа асосида 420 ўринли бозор қурилиши ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ушбу мажмуа ҳам яқин кунларда фойдаланишга топширилади.

Ҳудуддаги иккита умумтаълим мактаби жорий таъмирдан чиқарилиб, янги мебель ва ўқув жиҳозлари келтирилди. Муассасалар ҳовлиси обод этилди ва 2 иссиқхона қурилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилиши учун бюджетдан маблағ ажратилди, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, экспертиза хулосаси олинди.

Жомдаги бунёдкорлик ишлари аввалида иккита янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган эди. Шу кунларда битта муассаса биноси қурилиши тугалланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Дастур асосида қишлоқ ҳудудидаги 23,1 километр йўлга тош тўкилиб текисланди, 0,55 километр масофада асфальт ётқизилди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бугунги кунгача 18 километр масофага сув тармоғи тортилди, 2 сув иншооти таъмирланиб, 1 таси янгидан қурилди. Электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳозиргача 8 трансформатор, 483 дона бетон устунлар ўрнатилган, 22,3 километр масофага кабель тортилган.

Вилоят ва шаҳар тиббиёт муассасаларининг тор соҳа мутахассисларидан иборат гуруҳлар томонидан ҳудудда истиқомат қилаётган 22 минг аҳолининг 20 минг 733 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижасида касаллиги аниқланган фуқароларга амбулатор ва стационар даволаниш учун тавсиялар берилди. 50 га яқин бемор йўлланма асосида вилоят тиббиёт муассасаларида, юртимиздаги санаторийларда саломатлигини тиклади.

Вилоят ҳокими шу пайтгача амалга оширилган ишларни эътироф этиш билан бирга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни ўтказилган “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни самарали ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ва бу борадаги энг муҳим вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиқадиган вазифаларга эътибор қаратди.

– Ҳудуддаги объектлар, аҳоли турар жойларини таъмирлаш, қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштиришда замон талаби ва одамлар учун қулайлик яратиш, турмуш маданиятини ошириш асосий мезон бўлиши керак, – деди Т.Жўраев. – Бу ишларни хўжакўрсинга қилиб, бир-биримизни алдамайлик. Ободлик бундай ишлар билан ўлчанмайди. Бу каби иншоотлар аввало тартибга, кейин сифатга мос таъмирланиши, керак бўлса, қайтадан бунёд этилиши зарур. Жомда бодом, унаби, ёнғоқ, писта ва ўрик дарахтлари яхши ўсиши ҳақида мутахассислар айтишмоқда. Демак, аҳолига ушбу мевали дарахтларни кўпроқ экишни тавсия қилиш керак. Аҳолининг айрим тоифаси боқимандалик кайфиятига тушиб қолган, ўз уй-жойи, ҳовлиси ва томорқасидан фойдаланишга эътибор бермаяпти. Вазиятни ўзгартириш, одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида қишлоқнинг фаол, ташаббускор кишилари, оқсоқоллари имкониятидан самарали фойдаланиш лозим.

Йиғилишда мутасаддиларнинг ижтимоий, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича ҳисоботлари тингланди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш ва сифатини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

17.JPG

– Қишлоғимизда амалга оширилаётган ишлардан ҳаммамиз шодмиз, – дейди Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи Ойбек Муродов. – Энди биз бу хайрли ишларга монанд яшашимиз, ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, обод қишлоқ одамларининг қалби ҳам обод, маданияти ҳам юксак бўлиши керак. Ўзим бу ишлардан руҳланиб, тадбиркорликни бошладим. Ҳозир оила аъзоларим билан 250 бош товуқ боқяпман. Ҳар куни 230-235 дона тухум олиб, қишлоқдошларимга етказиб беряпман. Кунига рўзғоримга 45-50 минг сўм фойда келмоқда. Энди яна 250 бош товуқ, 200 бош бедана боқишни режалаштирдим.

Шу куни қишлоқда истиқомат қилувчи 14-24 ёшлилар ўртасида 3 километрга югуриш марафони, 22-умумтаълим мактабида самбо кураши бўйича Жом биринчилиги ўтказилди. Ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Қишлоқда истиқомат қилаётган меҳнат фахрийлари, нуронийлар учун байрам дастурхони ёзилиб, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Вилоятнинг таниқли санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
8 938