ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Самарқанд вилояти эндокринология диспансерида 130 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди

Самарқанд вилояти эндокринология диспансерида 130 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди

Бу ҳақда диспансер бош шифокори, Самарқанд вилояти бош эндокринологи Г.Негматова журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

14 ноябрь – Халқаро диабет куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 апрелдаги “2019-2021 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

– Бугунги кунда дунёда эндокринологик касалликлар билан оғриган беморлар сони 400 миллиондан ошди, – дейди Г.Негматова. – Вилоятимизда ҳозирда қандли диабет билан рўйхатга олинганлар 26 минг 600 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Жумладан, биринчи тур қандли диабетга чалинганлар 1 минг 430 нафардан кўпроқ. Бу бизга мурожаат қилганлар ва ўзимиз жойларга чиқиб ўтказган тиббий кўрикларимиз натижасида аниқланган кўрсаткич. Ваҳоланки, касалликка чалинганлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Тасдиқланган миллий дастур асосида биринчи навбатда касалликни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш кўзда тутилган. Шунингдек, тиббий муассасалар моддий техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий ускуналар ёрдамида даволашнинг илғор усулларини қўллаш режалаштирилган.

photo5344071809361881815.jpg

Бизнинг диспансеримизда ҳам ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш мақсадида 40 дан ортиқ янги лаборатор таҳлилларни текшириш йўлга қўйилди. Жумладан биокимёвий ва гормонал таҳлиллар, функционал диагностик текширувлар: эхокардиография, эхоэнцефалография ва оёқ қон томирларининг допплерографияси амалга оширилмоқда. Кейинги икки йилда диспансер ва лаборатория бўлимларининг кунлик қабул қилиш қуввати икки баробар ошди.

Жорий йилда диспансер ҳудудида инвестиция дастури асосида 3,4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, янги бино қурилди. Бу ерда янги тиреодолгия ва эндокрин жарроҳлик, диабетик тўпиқ, болалар эндокринологияси, интенсив даволаш ва реанимация бўлими, экспресс лаборатория, қабул ва стерилизация блоклари фаолияти йўлга қўйилди. Бўлимлар энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Янги бўлимда шу пайтгача 130 га яқин мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди. Вилоятда эндокринолог мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, 30 нафар ёш шифокорлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака ошириб келди. Диспансернинг 2 нафар шифокори Россиядаги етакчи клиникаларида малака оширди.

Халқаро диабет куни муносабати билан диспансер томонидан айни пайтда вилоятда “Диабет ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик доирасида муассасада очиқ эшиклар куни ташкил этилиб, ҳар куни юздан ортиқ юртдошларимиз диабетга текширувдан ўтмоқда.

572
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА