ЎзА Ўзбек

12.09.2019 Чоп этиш версияси

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Регистон майдони “Мирзо Улуғбек” мадрасасида ўтказилган тадбир юзасидан расмий баёноти

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Регистон майдони “Мирзо Улуғбек” мадрасасида ўтказилган тадбир юзасидан расмий баёноти

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари И.Неъматовнинг 2019 йил 30 июлдаги 03-1/32570- сонли хатида АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси раҳбари Борис Кандов бошчилигидаги (80 нафар) делегациянинг 2019 йил 2-9 сентябрь кунлари “Зиёрат туризми” дастури асосида юртимизга ташриф буюриши қайд этилган.

Мазкур дастурга асосан, 6 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида “Америка ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик масалалари”га бағишланган бизнес форум ва бошқа тадбирлар билан биргаликда, 8 сентябрь куни “Регистон” ансамблида меҳмонлар учун қабул маросими ўтказилиши режалаштирилган.

Ташриф давомида 5 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида жойлашган Бухоро яҳудийлари қабристонининг таъмиридан сўнг, рамзий очилиш тадбири, 6 сентябрь куни маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказилиб, форум доирасида бир қатор соҳалар бўйича ҳамкорлик келишувларига эришилди. Шунингдек, 7 сентябрь куни “Регал Палас” меҳмонхонасида меҳмонлар учун вилоят ҳокимлиги томонидан расмий қабул ўтказилиб, тадбирда Ўзбекистоннинг Исроилдаги туризм элчиси Хай Давидов чиқиш қилди. Дастур доирасида 8 сентябрь куни Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида “ОР-АВНЕР” сеногоги, Самарқанд яҳудийлар бирлашмаси томонидан делегация аъзолари учун қабул ўтказилган.

Бу каби тадбирлар Регистон майдони Улуғбек мадрасасида расмий делегациялар учун тегишли тартибда тасдиқланган дастурлар асосида ташкил этиб келинган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

6 652
ЎзА