ЎзА Ўзбек

01.03.2018 17:27 Чоп этиш версияси

Самарқанд ва Суғд яна боғланди

Самарқанд ва Суғд яна боғланди
Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти ўртасидаги “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари очилди.

Шу муносабат билан ушбу масканларда ўтказилган тантанали маросимда Самарқанд ва Суғд вилояти ҳокимликлари раҳбарлари, фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари ва чегара ҳудудида яшовчи аҳоли иштирок этди.

Ўтказиш масканлари байрамона безатилган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республиклари давлат байроқлари ҳилпирайди. Икки қардош халқ дўстлиги, муштарак маданияти ва анъаналари акс этган суратлар, шиорлар ўрнатилган.

7.JPG

Икки давлат ўртасидаги чегара – “Саразм”дан “Жартепа” ўтказиш масканига тожикистонлик меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида, мезбонларнинг олқишлари билан кириб келди.

Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Бу, айниқса, тарихан бир-бирига яқин, миллий урф-одат ва анъаналари уйғун бўлган Самарқанд ва Суғд вилояти аҳолиси учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, ушбу чегара постининг очилиши икки томонда яшаётган қардиндош-уруғ, қуда-андаларнинг бир-бирлариникига эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз бориб-келишлари учун катта қулайлик бўлди.

51.JPG

– 1994 йилда Панжикентдан Ургутга келин бўлиб тушганман, – дейди Ургут туманидаги Узун маҳалласида яшовчи Баҳриной Мирзаева. – Туғилиб ўсган жойим билан ҳозир яшаётган қишлоқ орасидаги масофа 25-30 километрни ташкил этади. Лекин чегара ёпиқ бўлгани учун шу пайтгача Бекободдаги пост орқали 400 километрдан ортиқ масофани айланиб, минг ташвиш билан бориб-келишимизга тўғри келарди. Шу сабабли йиллаб ота-онам, ака-укаларим билан кўришолмасдим. Президентимизга минг раҳмат, йўлимизни яқин қилди. Бу эркинлик, қулайликдан бошимиз кўкка етди.

Ургут туманининг Юқори Калангар маҳалласида яшовчи Ҳусния Бадалованинг айтишича, унинг қизи ҳозир Панжикент туманида яшайди. У ҳам шу пайтгача қизи ва набиралари, қариндош-уруғларини кўриш учун Тошкент вилояти орқали Тожикистонга бориб келган.

16.JPG

– Онаман, боламни, набираларимни тез-тез кўргим келади, – дейди онахон кўзларига ёш олиб. – Йўл азоби ва узоқлиги, ҳар хил ҳужжатбозликлардан безиб, у келолмаса, олис йўлга қийналамиз, деб биз боролмасак, узилиб кетишимиз керакми? Шу пайтгача ана шундай ташвишу қийинчиликлар билан бир-биримизни онда-сонда йўқлардик. Яратганга шукр, бугун чегараларимиз очилиши билан узоғимиз яқин бўлди, қалбимиздаги қувончу ҳаяжонинг чеки йўқ. Президентимизни туну кун дуо қиламан. Илоҳим, бошлари омон бўлсин. Мен каби минглаб оналар у кишидан миннатдормиз.

Маросимда Суғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода сўзга чиқиб, Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасидаги пунктнинг очилиши икки қўшни халқ манфаатларига хизмат қилиши, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади. Келгусида икки вилоят ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ҳамкорликнинг ривожланишига умид билдирди.

49.JPG

Ўзбек ва тожик халқлари адабиёти ва маданиятининг рамзи сифатида концерт дастури намойиш этилди. Икки халқ ижодкорлари сўзи билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди.

Тожикистонлик меҳмонлар маскан ҳудудида юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиль ва юк машиналари, автобуслар ҳамда бошқа маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.

53.JPG

Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари “Саразм” масканига ташриф буюрди. Суғд вилояти ҳокимлиги ва фаоллар меҳмонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Тожик миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.

Кун давомида минглаб ўзбекистонлик ва тожикистонликлар яратилган имконият ва қулайликлардан баҳраманд бўлиб, дийдор кўришдилар. Бир-бирлариники меҳмондорчиликка йўл олдилар.

56.JPG

– Халқпарвар Президентларимизга минг раҳмат, – дейди Суғд вилоятининг Камартош қишлоғида яшовчи Жалил Раҳимов. – Улар туфайли бугун бир неча йилдан буён кўришмаган қизимнинг дийдорига тўйиш бахти насиб этди. Қизимни Ургутга узатгандим. Чегара ёпилганидан сўнг бирор марта келолмадим. Мана бугун қизимни бағримга босадиган бўлдим.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
22 767