ЎзА Ўзбек

30.09.2020 Чоп этиш версияси

Самарқанд театрида Беҳбудий музейи очилди

Самарқанд театрида Беҳбудий музейи очилди

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида маърифатпарвар жадид Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолияти, ижоди ва саҳналаштирган асарлари тарихи акс этган музей ташкил этилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган онлайн конференцияда бу йил мамлакатимизда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиги кенг нишонланаётгани халқимиз ва давлатимизнинг буюк маърифатпарвар бобомиз маънавий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этишга жуда катта эътибор қаратаётганидан далолат бериши таъкидланди.

– Мамудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан театримизга тамал тоши қўйилганидан фахрланамиз, – дейди театр рассоми Баҳром Сафоев. – Қайси вилоятга бормайлик Самарқанд театри, ижодий муҳити, албатта, бобомиз номи билан бирга эътироф этилади. Қувонарлиси, театримизнинг ёш режиссёри Мурод Турдиев томонидан “Дебют” фестивали учун 1914 йилда саҳналаштирилган “Падаркуш” драмаси эндиликда қайта театрда саҳналаштирилмоқда. Тўғри, ушбу асар республикамизнинг аксарият театрларида талқин этилган, аммо ёш режиссёр мазкур спектаклда Беҳбудий образини ҳам саҳнага олиб чиқмоқда.

Театр биносида ташкил этилган мазкур музейдан жадидчи олим ҳаёти акс этган суратлар, халқни маърифатли қилишга чорлаган мақолалари, театр саҳнасида қўйилган “Падаркуш” драмасидан фотолавҳалар, ушбу спектаклда фойдаланилган либослар ва эскизлар ўрин олган.

Тадбирда театр жамоаси томонидан Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, унинг сирли ўлими, халқимизни маърифатли қилиш йўлида олиб борган ишлари ҳақидаги қисқа метражли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

3 632
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА