Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2018 16:14 Чоп этиш версияси

Самарқанд театри Туркияда спектакль намойиш этади

Самарқанд вилояти мусиқали драма театри жорий йилнинг 20-30 апрель кунлари Туркиянинг Кўнё шаҳрида ўтказиладиган “Минг нафас – бир овоз” туркий тилларда саҳналаштирилган спектаклларнинг XI халқаро фестивалида иштирок этади.

Театр жамоаси мазкур фестивалда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакати театрларида саҳналаштирилган “Кўчки” спектаклини намойиш этади.

– Машҳур турк драматурги Тунжар Жужанўғлининг мазкур асарини 2017 йилда саҳналаштириб, томошабинлар ҳукмига ҳавол қилган эдик, – дейди Самарқанд вилояти мусиқали драма театри директори Б.Шарофов. – Спектакль мутахассислар ва томошабинлар томонидан яхши қабул қилинди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентга ижодий сафаримиз чоғида ҳам бу асарни намойиш қилдик. Ўша пайтда пойтахтимизга ташриф буюрган Тунжар Жужанўғлининг ўзи ҳам спектаклни кўриб, юқори баҳо берган эди.

Спектаклдаги асосий ролларни театр актёрлари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Бахтиёр Раҳимов, Баҳрулло Раҳимов, Гулбаҳор Мамедова, Меҳри Ҳакимова, Солижон Ҳакимов, шунингдек, умидли ёш актёрлар Жамшид Муродов, Шоҳсанам Облоқулова, Сарвиноз Саитова маҳорат билан ижро этиб келмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 395