Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 19:13 Чоп этиш версияси

Самарқанд шаҳри марказида тўққизта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди

Самарқанд шаҳри марказида тўққизта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди Мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланган Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тантаналари завқи ва шукуҳи қалбларни тарк этмай туриб, Самарқанд шаҳри аҳолиси яна бир қувончли воқеага гувоҳ бўлди.

Шаҳар марказида 405 хонадонга мўлжалланган тўққизта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Айниқса, шаҳар ва қишлоқларимизда барпо этилаётган арзон уй-жойлар ҳудудлар қиёфасини ўзгартириш, замонавий инфратузилма яратиш билан бирга, жамиятдаги кўплаб муаммоларга ечим топиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

14.JPG

– Ўтган йил октябрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида бугун ушбу кўркам уйлар қурилган масканда бир гуруҳ фахрийлар, зиёлилар билан учрашиб, бу жойларда халқимиз учун замонавий уйлар қурилади, деб айтган эди, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси А.Рустамов. – Ўшанда бу ниятлар бир неча йилдан кейин амалга ошади-да, деган хаёлга борганлар ҳам кўп эди. Лекин, мана, бир йил ичида шундай чиройли, замонавий уйлар қурилдики, кўрган кўз қувонади. Муҳими, бу хонадонлар уй-жойга эҳтиёжмандлар, ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилди. Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш борасида олиб бораётган амалий ишларидан бир шингил, холос.

Ушбу турар жой бинолари Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “СМП-151” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа муддатда бунёд этилди. Уйларни қуришда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилди. Бу материаллар қурувчиларга имтиёзли нархларда етказиб берилди. Кўп қаватли уйлар атрофида дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль тўхташ жойлари, чиқинди йиғиш пунктлари ташкил этилди. Дарахт кўчатлари ўтқазилди, гулзор ва яшил майсазорлар яратилди.

Тадбирда янги уй эгаларига хонадон калитлари ҳамда вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, уйлар қурилишида фаол иштирок этган бунёдкорлар, банк ва бошқа хизмат кўрсатиш идоралари ходимлари ҳам муносиб тақдирланди.

Тадбир иштирокчилари янги уйларга кўчиб келган ёш оилаларнинг бахтиёр ва фаровон турмуш кечиришларини ният қилиб, ушбу аҳоли масканини “Бахтли ҳаёт” маҳалласи, деб номлашни таклиф этди.

21.JPG

7.JPG

– Бир неча йилдан буён Самарқанд шаҳрида ижарада туриб, ишлаяпман, – дейди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ходими Ж.Обидов. – Уч фарзандим билан гоҳ у, гоҳ бу квартирага кўчиб юришнинг ўзига яраша ташвишлари бўлди. Шунинг учун бугун Президентимиз ташаббуси билан қурилган кўп қаватли уйлардан менга ҳам уч хонали хонадон берилиши оиламиз ҳаётидаги энг қувончли, унутилмас кун бўлиб қолди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
4 643