ЎзА Ўзбек

08.08.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Самарқанд шаҳри бош режасида хитойлик лойиҳачилар иштирок этади

Самарқанд шаҳри бош режасида хитойлик лойиҳачилар иштирок этади
«China Construction Engineering Design Group Corp. Ltd» – Хитойнинг етакчи лойиҳачи компанияси бўлиб, 2017 йил якунларига кўра, 1,58 миллиард доллар ишлаб, мамлакатдаги лойиҳачи ташкилотлар орасида иккинчи ўринда бўлган.

Пекинда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва Хитойдаги «China Construction Engineering Design Group Corporation Ltd» архитектура ва дизайн компанияси ўртасида Самарқанд шаҳрининг бош режаси концепциясини ишлаб чиқиш ва «Samarkand City» туристик зонаси ҳамда ШҲТ – 2022 саммити муносабати билан қуриладиган объектларни ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди.

Келишувга кўра, ушбу ишга бош режачи, тажрибали шаҳарсоз, профессор Сун Сяолун раҳбарлигидаги лойиҳачилар гуруҳи жалб этилади. Маълумот учун айтиш мумкинки, «China Construction Engineering Design Group Corp. Ltd» – Хитойнинг етакчи лойиҳачи компанияси бўлиб, 2017 йил якунларига кўра, 1,58 миллиард доллар ишлаб, мамлакатдаги лойиҳачи ташкилотлар орасида иккинчи ўринда бўлган. 

Қайд этиш жоизки, июнда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Пекинда «Хитой Ипак йўли» фонди билан «Samarkand City» туристик зонаси қурилиши лойиҳаси бўйича англашинув меморандумини имзолаганди. Мазкур лойиҳа Самарқанд шаҳрининг машҳур тарихий ва маданий марказ сифатидаги туристик салоҳиятини ошириш ва «XXI аср Ипак йўли дурдонаси» яратилишини таъминлайди.

ЎзА
6 057