ЎзА Ўзбек

20.07.2018 13:27 Чоп этиш версияси

Самарқанд шаҳар марказий шифохонасида бир соатда 97 миллион сўм камомад аниқланди

Самарқанд шаҳар марказий шифохонасида бир соатда 97 миллион сўм камомад аниқланди
Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг эллик тўртинчи сессиясида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов маълум қилди.

Вилоят раҳбари сессияда вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиқларининг йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан берган ахборотларидан сўнг, ўзи кейинги кунларда вилоят туман ва шаҳарларида турли соҳалар фаолияти билан танишиб, кузатган ҳолатларини баён этди.

Тадбиркорлар билан ишлаш, ҳудудларни обод этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишларнинг талаб даражасида эмаслигини мисоллар орқали билдирди.

Жумладан, Самарқанд шаҳар ва туман тиббиёт муассасаларидаги ҳолат, вилоят марказида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни ташиш хизматлари, Нарпай туманидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятига танқидий баҳо берди.

Ўз навбатида, вилоят Кенгаши депутатларидан ҳуқуқ-тартибот ва ижро органларининг ахборот ҳамда ҳисоботларини эшитишда фаол бўлишлари, масалаларни атрофлича муҳокама этишларини сўради.

– Депутат халқнинг дардини ижро ҳокимияти олдига олиб чиқа олиши керак – деди Э.Турдимов. – Бу унинг фаолияти асоси, обрўси. Ва бу фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида “Депутат минбари” орқали халқимизга маълумот бериши лозим. Шу орқали жамоатчилик назоратини кучайтирамиз. Одамларни фаолликка чорлаймиз. Энди ҳар бир тармоқ раҳбари аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш баробарида телевидение орқали ўз фаолияти ҳақида ҳисобот бериши, одамларнинг саволларига жавоб бериш тизимини йўлга қўямиз. Ҳар ҳафта пайшанба куни бошқарма ва идораларнинг биринчи раҳбари аҳоли билан телемулоқот қилади. Якшанба куни шаҳар ва туман ҳокимлари тўғридан-тўғри эфирга чиқади. Барча туман ва шаҳар ҳокимлари чиқиш қилиб бўлгач, ўзим очиқ мулоқот қиламан.

Шунингдек, вилоят ҳокими ҳар ҳафта жума куни тегишли соҳалар раҳбарлари билан бирга тадбиркорларни қабул қилиши, ҳоким қабулхонаси туну куни ишлаши ва тўртта ишонч телефони орқали аҳоли мурожаатлари қабул қилинишини айтди. Бундан ташқари, ҳар бир раҳбар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ўз фаолияти ҳақида халққа маълумот бериб бориши ва уларнинг мурожаатларини қабул қилиши лозимлигини таъкидлади. Шахсан вилоят ҳокими телеграмда ўз мессенжерини ишга тушганини маълум қилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
8 679