ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Самарқанд Регистонидаги Улуғбек мадрасасига катта зарар етказган зилзила ҳақида биласизми?

Самарқанд Регистонидаги Улуғбек мадрасасига катта зарар  етказган зилзила ҳақида биласизми?


Олий махфий кенгашда кўрилган Хива масаласи, саводсизликни тугатиш тўғрисидаги декрет, партиядан ҳоли қилинган халқ таълими ва 17 сентябрь санаси билан боғлиқ бошқа маълумотлар баёни.

1726 йил (бундан 294 йил олдин) – Россия империяси Олий махфий кенгаши Россиядан Хивага савдогарларни жўнатиш хиваликлар учун ҳам, Хивадаги россияликлар учун ҳам фойда келтиради, ахир савдонинг тақиқланишидан ҳам хазина, ҳам савдогарлар зарар кўрмоқда, деган хулосага келди. Бунга сабаб бироз олдинроқ Петербургга хивалик элчи Субҳонкулибек ташриф буюриб, рус ҳукумати олдига Россия билан Хива ўртасида савдо муносабатларини қайтадан юргизиш масаласини қўйган эди.

1897 йил (бундан 123 йил олдин) – Туркистон тизмасининг шимолий этагида соат 15 яримларда Ўратепа зилзиласи содир бўлди. Унинг кучи Ўрта Осиёнинг катта қисмида сезилган. Ер қимирлаш марказида (Ўратепа яқинида) магнитудаси 6,6, кучи 8 баллга етган. Орадан 2 соат ўтгач, зилзила деярли шундай куч билан яна такрорланган.

Зилзила зарбидан кўплаб қишлоқлар вайронага айланди. Олдинги зилзиладан шикаст кўрган бир қанча иморатлар такрорий зилзилада бутунлай бузилган. Айниқса, Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Улуғбек мадрасасига катта зарар етган. Кейинги йилларда Туркистон-Нурота тоғларида бир қанча зилзилалар қайд қилинган. Шулардан энг кучлиси 1898 йилда Зоминда 8 балли, 1923 йилда Ўратепада 7 балли ва 1955 йилда Жиззахда 6–7 балли ер қимирлашлар содир бўлган.

1907 йил (бундан 113 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллуд топди (вафоти 1968 йил). Унинг ижоди шеърият билан бошланган бўлса-да, адабий мероси негизини насрий асарлар ташкил этади. Абдулла Қаҳҳор ижодий ҳаёти давомида 40 дан зиёд асар эълон қилган. У 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1920 йил (бундан 100 йил олдин) – Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси Маориф халқ комиссарлиги томонидан аҳоли орасида саводсизликни тугатиш тўғрисида декрет қабул қилинди. Унга мувофиқ, 8 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқаролар ўқиш ва ёзишни ўрганишлари шарт эди. Бу билан мустабид тузум советларча саводли шахсларни шакллантириш, “саводсизлик”ни тугатиш борасида шиддатли курашни авж олдириб юборди.

1920 йил (бундан 100 йил олдин) – Бухоро Халқ Совет Республикасида амирлик даврида мавжуд бўлган барча китоб, ўқув-ёзув асбобларини Маориф нозирлиги ихтиёрига топшириш, маориф назоратининг рухсатисиз уларни хорижга олиб чиқиш ва сотиб олишни ман қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилди.

1921 йил (бундан 99 йил олдин) – Шарқий Бухородаги Корақамиш қишлоғида (Файзободдан 26 чақирим жануби-шаркда) Бухоро қўрбошилари ўзларининг биринчи қурултойларига тўпланишди. Бу қурултойни Давлатмандбек ва Эшон Султон уюштирди. Архив ҳужжатларида ёзилишича, Қорақамиш қишлоғига Дарвоз ва Кўлобдан етиб келган қўзғолончиларнинг миқдори 7000 кишидан кам эмас эди. Бу қурултойда Иброҳимбек (1889–1932) Бухоро қўрбошиларининг Бош қўмондони қилиб сайланди.

1937 йил (бундан 83 йил олдин) – нарпайлик селекционер-генетик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Остон Жалилов таваллуд топди. У селекция ишларида нурланишдан фойдаланиш усулини таклиф этди, 15 дан ортиқ ғўза навларини яратди.

1945 йил (бундан 75 йил олдин) – адабиётшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бахтиёр Назаров таваллуд топди. Унинг тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳорати ўрганилган. У Ойбекнинг 20 жилдли Мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда қатнашган.

1970 йил (бундан 50 йил олдин) – футболчи, мураббий, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” Миржалол Қосимов таваллуд топди. У “Шуҳрат” медали, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларини ҳамда халқ таълими системасини партиядан холи этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонда: “Белгилаб қўйилсинки, республика давлат аппарати идораларида ва халқ таълими системасида сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига бундан буён йўл қўйилмайди”, – деб алоҳида таъкидланди.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Адабиёт институтига Алишер Навоий номи берилди.

2007 йил (бундан 13 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Каҳҳор ҳайкали очилди.

photo_2020-09-17_11-49-33.jpg

photo_2020-09-17_11-49-32 (2).jpg


4 268
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади,ЎзА