ЎзА Ўзбек

28.08.2020 Чоп этиш версияси

Самарқанд оламшумул тамаддун марказига айланади

Самарқанд оламшумул тамаддун марказига айланади
Маънавий мерос

“Шайхулислом” ва “Ҳидоят даҳоси” дея шарафланган Имом Мотуридий Мовароуннаҳр минтақасидаги аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг улуғ фақиҳларидан бири эди. Зеро, унинг ўзи Абу Ҳанифага нисбат берилувчи ҳанафий мазҳабида бўлишига қарамай, Мовароуннаҳр диёрида яшовчи ҳанафий суннийлар ўзларини у кишига нисбат берадилар. Бунинг сабаби шуки, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг “усули”, шарҳлаш ва баён тарзини ҳам тўлиқ олганди. Гўёки Имом Аъзам ҳазратлари Имом Мотуридий юрсин учун бир чизиқ тортгандек, ҳайратомуз!

Ҳанафийлар ҳам фиқҳ, ҳам ақида бобида ўзларини Мотуридий номи билан боғлашлари бу зотнинг ислом уммати орасида нақадар ўчмас из қолдирганининг ёрқин исботидир.

Имом Мотуридийнинг бутун ҳаёти Самарқандда ўтди: шу ерда туғилиб, яшаб ижод қилди ва шу ерда вафот этди. Ўзимнинг “Садду-с-суғур би-сийрати Аби Мансур” номли китобимда қайд этганимдек, бу ҳолат маҳаллий аҳолининг улуғ имомга бўлган вафосини англатади. Улар имомнинг шаънини ҳимоя қиладилар, шу боис у зотга энг яқин ва энг ҳақли инсонлар ҳам улар ҳисобланади, албатта. Яна Мотуридийдек даҳолари борлигидан ҳам фахрланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан хабар топганимда, бағоят қувондим. Ушбу марказ азим ўлканинг илмий меросини қайта жонлантириш ва тадқиқ этиш йўлида сўнгги йилларда ташкил қилинган марказлардан бири бўлади, албатта.

Мен жорий йилнинг март ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференцияда Ал-Азҳарнинг муҳтарам шайхи доктор Аҳмад Таййиб бошчилигидаги ислом умматининг бугунги забардаст олимлари сафида қатнашиб, республика ҳукуматининг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиш бахтига мушарраф бўлган эдим.

Шундай қилиб, мотуридийлик ғояларини оламга таратувчи марказ очилиши учун кўп вақт кетмади ҳам. Мотуридий борлиғи Ўзбекистоннинг Самарқандидан бўлишига қарамай, у фақат самарқандликларнинг мулки эмас, балки ўзини бу буюк умматнинг мероси билан боғлиқ ҳис қилувчи ҳар бир мусулмон ва фақиҳга ҳам тегишлидир. Шу сабаб марказнинг халқаро мақомга эга бўлиши айни муддаодир. Чунки бу билан Имом Мотуридий илмий меросини ўрганувчи ҳам ўзбекистонлик, ҳам хорижлик олимлар қамраб олинади. Шунингдек, марказнинг мамлакатдаги энг йирик илмий муассаса хисобланувчи Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилганлиги ҳам жуда тўғри карордир.

Ўйлайманки, ушбу марказни ташкил этишдан кўзланган бош мақсадга эришиш йўлидаги энг асосий вазифа Имом Мотуридий мактабига бўлган бугунги долзарб эҳтиёжни инобатга олиб, мутахассис ва бошқа мутасаддиларни жалб этган ҳолда Имом Мотуридий илмий мероси ва мактабини мавжуд воситалар ёрдамида кенг тушунтириш, соддалаштириш, нашр қилиш ва тадқиқ этиш орқали қайта жонлантиришдир. Бу вазифа фақат мусулмонлар билангина чекланиб қолмайди, балки уч жабҳадаги кураш билан адо этилади.

Биринчи жабҳа – соғлом ақл ва тўғри нақлни ўзида мужассам этган ҳақиқий салафи солиҳларнинг ақидасини тарқатиш орқали экстремизм ва терроризмга қарши курашиш. Чунки бу уммат, айниқса, унинг эҳтиросли ёшлари ғоявий таълимот майдонидан аҳли суннанинг мотуридийлик мактаби узоқлаштирилиши натижасида турли азоб-уқубатларни татиб кўрди ва ҳамон унинг асоратларидан азият чекмоқда. Ҳатто, мусулмонлар ҳамда ислом дини экстремизм ва терроризмда айбланди. Буларнинг барчаси – тўғри, оқилона мурожаатнинг йўқолгани, Мотуридий каби буюк имомларнинг усулларидан узоқлашилгани ҳамда уларнинг илмсиз ёшлар томонидан обрўсизлантирилгани туфайлидир.

Иккинчи жабҳа – динсизликка қарши туриш. У ёшларимиз ва умматимизни тубсиз орзу-истаклар гирдобига ғарқ қилиш мақсадига қаратилган бўлиб, чегарасиз орзу-истаклар мусулмонни ҳар томондан қуршаб олади. Зеро, орзу-истаклар ва шубҳа-гумонлар ўзаро ажралмас дўстдир. Шунингдек, дин борасида шубҳа уйғотиш иши ҳам аллақачон мавжуд бўлиб, унга турли муассасалар ҳомийлик қилмоқда. Ҳатто бутун дунё бўйлаб унинг ҳомийлари топилади. Шу боис биз ҳам худди бир замонлар Имом Мотуридий ва у кишининг шогирдлари қилганидек, одамларга имоннинг рационал далилларини таништиришга мажбур бўлдик. Шундан келиб чиқадики, бу мактабнинг хулосалари ва кўрсатмалари бугунги кун учун ҳам мос тушади.

Учинчи жабҳа – ислом умматининг илм-фан ва тамаддундан ортда қолишига қарши туриш. Бу қаршилик эса худди Имом Мотуридий ва унинг мактаби қабул қилган ҳамда илм-фанни янгича тасаввур босқичига кўтарувчи, шу билан бирга, ваҳийдан узилмаган ва ажратилмаган исломий билиш назариясига таянган ҳолда бўлади. Мазкур билиш назариясининг асосий босқичларини Имом Мотуридий ўзининг биринчи китоби “Ат-тавҳид”да баён этган эди. Қолаверса, “Таъвилот ал-Қуръон” номли тафсирида ҳам унинг кўплаб босқичларини қайд этиб ўтган. Европаликлар эса бу назариянинг аҳамиятини Мотуридийдан қарийб 700 йил кейин инглиз файласуфи Жон Лок туфайлигина тушуниб етдилар.

Ҳайратланарлиси, мотуридийлик ислом ренессанси даврида ҳамда мусулмонларнинг энг гуллаб-яшнаган асрларида етакчи ғоя бўлган эди.

Дарҳақиқат, ушбу марказнинг ташкил этилиши бутун дунё учун муҳим хабар бўлиб, буюк олимларнинг ворислари бўлмиш биз – мусулмонлар Самарқанд, Бухоро ва ислом дунёсининг бошқа шаҳарларида ота-боболаримиз барпо этган меросга таяниб, башарият тамаддуни ривожига яна қайтадан ҳисса қўша оламиз. Мўмин-мусулмонларнинг қалблари ўша зиёратгоҳларни тавоф қилишга мойил бўлиб қолаверади. Ал-Азҳар шайхи доктор Аҳмад Таййибнинг сўзлари билан айтганда, мусулмонларнинг таналари Каъбани тавоф қилганидек, уларнинг қалблари Самарқандни тавоф қилади.

Шубҳасиз, мен, Имом Мотуридий марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни олқишлайман ва Аллоҳ таолодан Самарқанднинг аввалги даврдагидек шон-шарафга, Ўзбекистоннинг эса ўз олимлари ва садоқатли ўғлонлари билан дунёда илмий сарбонликка қайтишини сўраб, дуо қиламан.

Умид қиламанки, Самарқанд ислом илмларини тарқатиш ўчоғи ва исломий илмларни ўрганиш учун дунёнинг турли бурчакларидан илм-фан намояндалари ташриф буюрадиган оламшумул тамаддун марказига айланади. Ишонаманки, Ўзбекистоннинг илмий шон-шарафини қайта тиклаш борасидаги қарорлар тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилади ва келажак авлодлар мутасаддиларнинг бугунги саъй-ҳаракатларини эсдан чиқармайдилар.

Аҳмад Саъд ДАМАНҲУРИЙ,
мисрлик мотуридийшунос олим.

5 332
ЎзА