ЎзА Ўзбек

31.07.2018 17:30 Чоп этиш версияси

Самарқанд ИИБ С.Умаров каби тизимга нолойиқ ходимлардан тозаланмоқда

Самарқанд ИИБ С.Умаров каби тизимга нолойиқ ходимлардан тозаланмоқда

ЖИНОЯТ ҲАҚИҚАТИ ВА АДОЛАТ

Самарқанд вилояти матбуот уйидаги навбатдаги анжуманда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Ҳасанов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимиз раислигида жорий йил 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга қаратилди.

Анжуманда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эндиликда жиноятчиликка қарши курашиш ва уни жиловлашда “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланган янги тизим асосида иш олиб борилаётгани таъкидланди. 

“Нафақат ички ишлар идоралари, балки бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари масъул раҳбарлари ҳам жойларга бориб, жиноятлар сабабини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Бу ишлар оммавий ахборот воситаларида “Жиноят ҳақиқати ва адолат” рукни остида батафсил ёритиб борилади. Демак, бу борадаги ишларни халқимизга етказишда журналистлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Бундан буён оммавий ахборот воситаларига тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларни фош этиш борасидаги маълумотлар тезкор равишда етказиб берилади. Интернетда, ижтимоий тармоқларда бошқарма саҳифаларини ташкил этиб, хабарларни бериб борамиз”, деди Ф.Ҳасанов.

Матбуот анжуманида тизимнинг Каттақўрғондаги собиқ ходими С.Умаров билан боғлиқ ҳолатга ҳам эътибор қаратилиб, ички ишлар идоралари ўз ишига нолойиқ бундай ходимлардан тозаланаётгани қайд этилди.

Журналистлар ички ишлар идораларидан маълумот олиш қийинлиги, ҳудудий ички ишлар бўлимларининг маҳаллий нашрлар таҳририятлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмагани, айрим профилактика инспекторлари ва йўл-патруль хизмати ходимларининг муомала маданияти пастлигини таъкидлаб, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Ички ишлар идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши халқимизнинг тезкор ва холис ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
4 545