Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳада келтирилишича, Самарқанд давлат университетининг асосан педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилган.
Самарқанд шаҳри, Спитамен шоҳ кўчаси, 166-уй ҳамда Даҳбет кўчаси, 18-уй манзилида жойлашган Самарқанд давлат университетининг бино ва иншоотларини (мавжуд жиҳоз ва мебеллари билан) тегишли ҳудуди билан биргаликда Институт балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:
Институт тузилмаси олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқланишини таъминлайди;
Институт уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўради;
Институтни танлов асосида амалий тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлайди;
Институт ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради;
Институтда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш чораларини амалга оширади.
Лойиҳада белгиланишича, институтда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабалар контингенти Университетнинг асосан педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида шакллантирилади;
ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тизими йўлга қўйилади;
талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
Институт Университетнинг ўқув ва илмий лабораторияларидан, спорт иншоотларидан ҳамда ахборот-ресурс марказидан режалаштирилган дарс жараёнларига таъсир этмаган ҳолда бепул фойдаланади.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда педагогика соҳаси бўйича олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
илмий педагогик кадрларни ижтимоий шериклик асосида тайёрлаш бўйича иш берувчилар, давлат бошқарув органлари ва ижтимоий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш;
ўқув ва илмий лаборатория хоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
олий маълумотли мутахассислар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш борасидаги хорижий тажрибаларни амалиётга қўллаш, битирувчиларнинг касбий-малака даражаси халқаро меҳнат бозорида тан олинишини таъминлаш;
жаҳондаги етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини, жумладан, модулли меъёрий ўқув дастури (Curriculum globALE)ни татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ қилиш;
янги авлод ўқув-илмий адабиётларини яратиш, уларни таълим ва илмий жараёнларга кенг татбиқ этиш, янги адабиётлар сотиб олиш, Ахборот-ресурс маркази фондини мунтазам янгилаб бориш;
таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;
педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
педагог кадрларнинг илмий салоҳияти, касбий ва малакавий билим даражасини узлуксиз ривожлантириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг педагогик маҳоратларини ривожлантиришда хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларидан кенг фойдаланиш;
юксак маданиятли, амалий касбий кўникмага эга, тарбия, ўқитиш методлари ва баҳолаш мезонларини пухта эгаллаган замонавий педагог кадрлар, жумладан, чет тилларида дарс берувчи ёш педагог ходимлар қатламини кенгайтириш, уларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш;
мамлакатимизда педагогика фани бўйича эришилган ютуқларни, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини, шунингдек, таълим муассасаларининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётлар ҳамда инновацион ўқув-меъёрий ва таълим ресурсларини яратиш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.