Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 11:07 Чоп этиш версияси

Самарқанд давлат университети ёшлари етакчиси сайланди

Самарқанд шаҳридаги етти олий ўқув юртида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаси етакчилар кенгаши аъзолари ва етакчиси сайлови юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ёшлари ҳаётида янги даврни бошлаб берди.

Мазкур ҳужжатлар асосида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди. Ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

– Иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги етакчилар кенгашини шакллантиришда ҳам ташкилот олдига қўйилган мақсад ва вазифалар нечоғли улкан ва масъулиятли экани эътиборга олиниб, тегишли низом тасдиқланди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари У.Ўсаров. – Сайловлар мазкур низом талаблари асосида, аввало ёшларнинг фикр ва қарашларига таянилган ҳолда ташкил этилди. Етакчилар бир неча номзод орасидан муқобиллик асосида сайланди.

Самарқанд давлат университетида ҳам сайловга қизғин ҳозирлик кўрилди. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчилигига университет талабалари орзу-ўйларини яхши биладиган ва улар ўртасида ўз ўрнига эга, ташаббускор, фаол уч нафар номзод кўрсатилди. Улар сайлов кунига қадар факультетларда учрашувлар ўтказиб, ўз сайловолди дастури, бир йил давомида амалга оширишни режалаштирган тадбирлари ҳақида маълумот берди, тенгдошлари таклифини эшитди.

Сайлов якунларига кўра, овоз беришда иштирок этган ёшларнинг энг кўп овозини олган Ҳусен Тўхтаев Самарқанд давлат университети ёшлари етакчиси этиб сайланди.

– Университетимиз ёшларининг бу юксак ишончи менга катта масъулият юклашини ҳис қилиб турибман, – дейди Ҳ.Тўхтаев. – Негаки, ташкилотимиз олдига жуда катта вазифалар қўйилган. Ушбу вазифаларни университет миқёсида ҳал этиш, талабалар ва ёш ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш бошланғич ташкилотимиз фаолиятининг асосини ташкил этиши лозим. Кенгаш аъзолари билан шу йўналишда иш олиб бориб, билдирилган ишончга муносиб бўламиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 075






Все о погоде - Pogoda.uz