ЎзА Ўзбек

16.07.2020 Чоп этиш версияси

Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси

Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси

Бугун Самарқанд давлат университетида шу мавзудаги халқаро онлайн илмий конференция ўз ишини бошлади.

– Ўзбекистонда таълим ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган

ислоҳотлар Самарқанд давлат университети тақдирида ҳам ғоят муҳим ҳаётбахш ўзгаришларни вужудга келтирди, – деди анжуманни бошқарган Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р.Холмуродов. – Дунё таълим тизимининг илғор технологияларини ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш билан биргаликда, бу қутлуғ масканда шонли анъаналар давом эттирилмоқда ва улар Самарқандда замонавий университет моделининг яратилишига хизмат қилмоқда. Тарихий манбалар ва илмий тадқиқотлар Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси эканлигини, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилга, яъни Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг таъсис этилиш санасига бориб тақалишини яққол намоён қилиб турибди. Албатта, бу гап кеча ёки бугун пайдо бўлмади. Бу масала анча вақтдан буён юртимиз илмий жамоатчилиги, дунёдаги нуфузли университетлар, илм-маърифат марказлари вакиллари ўртасида атрофлича муҳокама этилиб, таҳлил қилинди, тарихий манбалар ўрганилди ҳамда тарихий ҳақиқат қарор топди. Шу асосида халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанд давлат университети ташкил этилганлигининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бугунги илмий анжуман ана шу юбилей тадбирлари доирасида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.

Конференциянинг ялпи мажлисида дастлаб, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Р.Қосимов, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази бош директори Халит Эрен, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик А.Саидов ва бошқаларнинг табрик сўзлари эшитилди.

Шунингдек, Марказий Осиё, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди тарихда илм-фан, маданият ва санъатнинг қадимий бешиги бўлганлиги эътироф этилди. Заминимиздан етишиб чиққан ва дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларининг илмий-фалсафий қарашлари ҳамда бебаҳо илмий меросларида мадраса таълими муҳим ўрин тутгани таъкидланди.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса фаолият юритган. Булар орасида олий мадраса мақомига эга мадрасалар ҳам бўлган. Амир Темур ва темурийлар ренессанси даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда, хусусан, пойтахт Самарқандда фан ва маданиятнинг мисли кўрилмаган тарзда юксалиши бу даврда мамлакатнинг йирик шаҳарларида олий мадрасалар қурилгани, бу таълим масканларида етук алломалар ва мударрислар фаолият кўрсатгани билан боғлиқ. Айниқса, 1420 йилда Мирзо Улуғбек таъсис этган мадраса ўзининг кўлами, салоҳияти ва олий мақоми билан Шарқда жуда тез шуҳрат қозонди. Бу мадраса бошқа олий мадрасалардан дунёвий, айниқса, аниқ фанларнинг ўқитилиши ва шу йўналишда олиб борилган тадқиқотлар кўламининг кенглиги ва оламшумуллиги, илмий-педагогик кадрларнинг юксак илми ва маҳорати билан тубдан фарқ қилар эди.

Мирзо Улуғбек қурдирган олий мадраса ва унинг қошида барпо этилган расадхона меъморий бетакрорлиги ва нодирлиги, деворида ва пештоқида акс этган етти иқлим харитаси ва юлдузли осмон чизилган бу иншоотлар ҳақли равишда ўрта асрлардаги Самарқанд мадрасаларининг рамзига айланди.

Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида келтирилишича, Мирзо Улуғбек мадрасасида Клавдий Птоломейнинг “Ал-Мажастий” (“Альмагест” астрономия фани ютуқларига бағишланган) асари бўйича илк дарсни 1420 йил 21 сентябрда машҳур олим Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўтган. Худди шу кунни, мадрасаи олияда мадраса фаолиятининг бошланиш санаси, деб ҳисоблаш ўринлидир. Шу маънода Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилга Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг таъсис этилиш санасига бориб тақалади. Бу эса Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олиянинг бевосита давомчиси, деб хулоса чиқаришга асос бўлади.

Ялпи мажлисдан сўнг конференция “Улуғбек мадрасаси ва унинг юртимиз таълим тизимида тутган ўрни”, “Мамлакатимиздаги мадрасалар таълим тизими ва уларнинг тарихшунослиги”, “Самарқанд Давлат университети – Улуғбек мадрасаи олияси вориси” йўналишлари бўйича ўз ишини давом эттирмоқда.

3 288
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА