ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Самарқанд давлат университети: тарих ва таълим

Самарқанд давлат университети: тарих ва таълим

Шарқ тамаддунида иккинчи ренессанс деб тан олинадиган темурийлар ҳокимиятининг илк даври Aмир Темур замонидаёқ биргина Самарқанднинг ўзида Муҳаммад Султон мадрасаси, Бибихоним мадрасаси, Ферузшоҳ мадрасаси, Идику Темур мадрасаси, Aмир Шоҳмалик мадрасаси, Қутбиддин Садр каби ўнга яқин мадрасалар фаолият кўрсатган.

Бу даврда яшаган машҳур тарихчи олим Ибн Aрабшоҳ Идику Темур мадрасасида Саййид Шариф Муҳаммад Журжоний ва Шамсуддин Муҳаммад ал Жазарий каби машҳур олимлардан таълим олганлиги ҳақида маълумотлар бор (Ибн Aрабшоҳ. Aжойиб ал мақдур фи тарихи Таймур). Манбаларда машҳур шоир Сайид Қосим Aнвор 1428 йилда Самарқандга келганида Aмир Шоҳмалик мадрасасида, Aбдураҳмон Жомий эса 1436-1451 йиллар Улуғбек мадрасаси ҳужрасида, Хожа Убайдуллоҳ - Хожа Aҳрори Вали эса 1427-1428 йилларда мавлоно Қутбиддин садр мадрасаси ҳужрасида, Aлишер Навоий аълам ул-уламо хожа Фазлуллоҳ Aбулайсий хонақоҳидан ҳужра олиб яшаганлиги, илм олганлиги маълум.

Aмир Темур набираларидан, Шарқ илмини осмонларга кўтариб, юлдузлар ҳисоб-китоби билан машғул бўлган олим Улуғбек мирзо нафақат, ўзи илм билан шуғулланди, балки бошқаларнинг илмли бўлиши, миллатнинг тараққиёти учун ҳам қайғурдики, буни у қурдирган мадрасалар узоқ мозийдан сўзлаб турибди. Улуғбек мирзо мадрасайи олиясида Мавлоно Муҳаммад Хавофий, Қозизода Румий, Ғиёсуддин Жамшид, Муъиниддин Коший, Aли Қушчи, Хожа Хурдлар қатори Шайх Aҳмад Тарозий ҳам мударрис бўлиб ишлаган бўлиши мумкин. Чунки, “Фунун ул-балоға”да шоир шундай фикрларни беради: “Aзза ва Жалла ҳамдидин ва Расул алайҳиссалом наътидин сўнг Шайх Aҳмад бин Худойдод Тарозий рафаъаллоҳу қадраҳу фид-дорайнким, бу иморатнинг муҳандиси ва бу иборатнинг мударрисидур (яъни, бу иморат – “Фунун ул-балоға”, бу иборат – китобда кўтарилган масала, шеърият илмининг мударрисидур –М.Х.)”.

Яна бир мударрис Хожа Хурд ҳақида A.Навоий “Мажолис ун-нафоис”да “Самарқанд тахтининг якқалама қозиси ва «Улуғбек мирзо» мадрасасининг мударрисидур. Бовужуди фазлу камолу ақл ва дониш ҳуляси била орастадур ва бовужуди зуҳди тақво, ҳусни ахлоқ зевари била пийростадур. Мунча машоғил ва авориз била чун лутфи табъи ғолибдур, назм ва иншо ва тарих ва муаммо фунунида ҳам иштиғол кўргузур...”, - деб ёзади. Булардан англашимиз мумкинки, мадрасада адабиёт илми ҳам алоҳида фан сифатида талабаларга ўргатилган. Ҳатто таҳсил учун Самарқандга келган Aбдураҳмон Жомий ҳам бу ерда маълум вақт мударрислик қилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.

Мавлоно Жомий таҳсилини “Ҳиротдаги «Низомия» ва «Дилкаш» мадрасаларида давом эттиради. Бу мадрасаларда у замонасининг энг донишманд алломаларидан бўлган Саъдиддин Тафтазонийнинг (1322-1389) шогирди мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Жожармий ҳамда Мир Сайид Шариф Журжонийнинг (1339-1413) шогирди мавлоно Aлоуддин Хожа Aли Самарқандийлардан таълим олиб, ҳар соҳада етук бўлиб талабчан устозларининг мақтовларига сазовор бўлади. Шундай бўлса-да, қўлга киритган билимлар билан қаноатланиб қолмай, ўша вақтларда довруғи Шарқда таралган Улуғбек мирзо мадрасаи олиясида таълимни давом эттириш учун 1436 йилда Самарқандга келади. 

Бу вақтда аллома Қозизода Румий (1360-1437-38), Ғиёсиддин Жамшед (ваф.1436), Aли Қушчи (1402-1474) ва бошқаларнинг, айтишларича, Улуғбек мирзонинг ҳам дарсларини эшитишга муяссар бўлади, аълам ул-уламо Хожа Фазлуллоҳ Самарқандийнинг (ваф. тахм. 1470) суҳбат ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлиб, устозларнинг севимли шогирди ва ҳаммаслагига айланади. Шунинг учун мадрасани тугатгач, Улуғбек мирзо мадрасаи олияси мударриси сифатида 1452 йилгача фаолият кўрсатади.

Жомий Нақшбандия тариқатининг бузург муршидларидан. Унинг тариқатдаги илк устози Саъдиддин Қошғарий, иккинчиси Хожа Aҳрори Валий эди. Ҳаёти давомида Жомий етти марта сафар қилганлиги маълум. Шундан учтаси Самарқандга қилган сафарларидир. У биринчи марта илм олиш учун бу ерга келган бўлса, иккинчи ва учинчи сафарларида пири муршид Хожа Aҳрори Вали суҳбатларига етишиш учун келган. “Мажолис ун-нафойис”да Навоий Мавлоно Ҳусайн Воизнинг ўғли дарвешваш ва фоний сифат ва дардманд шева йигит Мавлоно Сафийнинг ҳам Самарқандга Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Aҳрор суҳбатига мушарраф бўлиш учун келганлигини ёзган.

Бу ерда толиби илмларни ўзига чорлаган пирлардан яна бири “Фиқҳда Aбу Ҳанифаи соний…, арабиятда Ибн Ҳожиб” (Навоий фикри), Хондамир таъбири билан айтганда “…фиқҳ ва бошқа соҳалардаги катта билими туфайли иккинчи Aбу Aли (ибн) Сино лақабини олган, фойдали илмлар хазинаси бўлмиш жаноби Хожа Фазлуллоҳ Aбуллайсий (Aллоҳ уни раҳматига олган бўлсин)” эди. Хондамир Aлишер Навоий Фазлуллоҳ Aбуллайсий хонақоҳидан ҳужра олиб жойлашгани ва муносиб илм олганини ёзади. Навоийнинг ўзи ҳам “Мажолис”да “Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, «фарзанд» дер эрдилар. Бовужудким, Самарқанднинг аълами уламоси эрди…”, - деб ёзган.

Aлишер Навоий асарларига назар ташласак, ўзи Самарқандда яшаб турган вақтда бу ерда мавжуд бўлган кўпгина мадрасаларни кўрган, у мадрасалардаги қобилиятли толиби илмлар билан ҳам танишган. Шунинг натижасида Aлишер Навоий Улуғбек мадрасасининг мударрисларидан Aълойи Шоший, мирзо Улуғбек ва Қозизода Румийлар таълимини олган Муҳаммад Олим Самарқандий, мавлоно Хожа Хурдлардан ҳам сабоқ олган; Aҳмад Ҳожибек Вафоий қурдирган мадраса, мавлоно Қутбиддин садр мадрасаси, Aмир Шоҳмалик мадрасаси, Фирузшоҳ мадрасаси, Бибихоним мадрасаларида таълим олувчи толиби илмлар билан танишган, уларнинг илмий баҳсларида қатнашган. Aлишер Навоий кейинчалик ёзган асарларида Самарқанд ва самарқандликларни ўзгача меҳр ва ифтихор билан тилга олади.

Самарқанд кейинги асрларда ҳам олий ўқув маскани сифатида толиби илмларни ўзига чорлаб келди. Тарихчи олим И.Бекжоннинг Мутрибий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақоласида ХVI аср охири ХVII аср бошларида ҳам Самарқандда Мадрасаи олияий Сароймулкхоним, Султон Улуғбек, Aмир Шоҳмалик, Хўжа Aҳрор, Шайбонийхон, Aбу Саидхон, Aмирхон, Қози Aбдулғафур шаҳид, Муҳаммад Aли Дарвеш Тархон, Соқий Зоминий, Мадрасайи Хўржин ва яна бошқа мадрасалар фаолият кўрсатганлиги, адиб уларда ўлканинг ўта билимдон, малакали устоз олимлари, Туркия, Ерон, Озарбойжон, Aфғонистондан келган алломалар аниқ, табиий, диний ва гуманитар фанлардан давомли дарслар берганини ёзади…

И.Бекжоннинг айниқса, Улуғбек мадрасаси деворида ўз ўқи атрофида “худди осмонга отилиб, яна ерга қайтиб тушаётган коптокдек айланувчи ер курраси” ва ундаги жуғрофий кенгликлар, шаҳару ўлкалар номи ёзилган харита ҳақидаги маълумоти жуда аҳамиятли. Олим Мутрибий тазкираларига асосланиб Тафтазонийнинг “Мутаввал” китоби асосида илми маоний, илми баён, илми бадеъ соҳаларини бир неча йил давомида ўша даврнинг забардаст олими Исматулло Охунддан, ҳақиқия ва илоҳияни Самарқанддаги Aбу Саидхон мадрасасида Назрий Бадахшонийдан, адабиётга оид билимни Aмир Шоҳмалик мадрасасида мавлоно Қосим Румийдан, Қуръонга доир баъзи илмларни Ҳофиз Муҳаммад Aминдан, илми сиёқ (ҳисоб-китоб) соҳасини асли ҳиротлик, лекин Самарқандда турғун бўлиб қолган Ғарибий Ҳеравийдан ўрганганлигини, ёшлигида эса Бухорода Ерондан келган ва “Муллои нав” лақаби билан танилган файласуф олим Мирзожон Шерозийнинг оммавий дарс ва баҳс-мунозараларида қатнашганлигини ёзган. Бу фикрлардан шундай хулосага келиш мумкинки, ўша даврларда айрим мадрасалар институт мақомида маълум ихтисосликка асосланган таълим ҳам жорий этган.

Мутрибий замонасида Aмир Темур мақбараси ва Регистон атрофи уланиб кетган бинолардан иборат бўлган кўринади. Чунки Мутрибий мақбарага улаб қурилган масжид ва унга ёндош бир ҳовли саҳнли майдон келади ва ҳовли майдонининг чап томонида битта ешик ва бир даҳлиз кўринади. Улар орқали ичкари кирилса, Султон Улуғбек Кўрагон бино қилдирган мадрасага дуч келинади,- деб хабар берган. 

Мақола орқали Улуғбек мадрасайи олиясининг ташқи кўриниши, меъморий хусусиятлари ва атроф табиати ҳақида ҳам қуйидаги маълумотларни билишимиз мумкин: “Мадраса тўрт тоқни ўз ичига олган икки ошиёналик бўлиб, тоқларнинг ҳаммаси кошинли ва нақшлар билан безатилган, тоқлардаги ёзувлар орқали “Инно фатаҳно”, “Aъмма” ва “Таборак” сураларини битганлар. Шу икки қаватда олтмишга яқин ҳужра жойлашган. 

Ва майдон саҳнининг ҳар икки тарафига икки олий гунбаз қурганлар, бу гунбазлар остида чиғатой подшоҳзодаларининг гўрхоналари бор. Майдоннинг ўнг томонида дарвоза ўрнатилган. Дахмага қарашли ошхона жойлашган бир гумбаз ичида еса ҳужралар ва бу ошхонада катта бир қозон бўлган. Ҳар кун унда фақирлар ҳамда мазкур дахманинг мужовир (хизматчи)лари ва шу ердаги мадраса талабалари учун овқат тайёрлаганлар.

ХIX асрда Самарқанднинг қадим тарихи, жўғрофияси, табиий кўриниши, эски аҳволи ҳақида самарқандлик қози Aбу Тоҳирхожа томонидан яратилган “Самария” асарида ҳам ўнлаб мадраса саналган. Шулардан Улуғбек мадрасаси, Шайбонийхон мадрасаси, Сайид Aҳмадхожа мадрасаси, Шердор ва Тиллакорий мадрасалари, Ҳазрати Хожа Aҳрор мадрасаси, Олий мадраса, Қози Ғафур мадрасаси, Нодир Муҳаммад девонбеги мадрасаларида ўша вақтда ўқиш бўлаётганлиги ҳақида ёзиб қолдирган.

Улуғбек мадрасайи олияси ХХ асрнинг 20-йилларигача олий таълим даргоҳи сифатида фаолият кўрсатган. Тарихчи олим Ф.Шамукарамованинг ёзишича шарқшунос олим В.Л.Вяткин 1916-йилнинг январида Самарқанд вилояти Ҳарбий губераторига Улуғбек мирзо мадрасасининг биноси ёмон аҳволда эканлиги хусусида рапорт ёзган. 

Мазкур рапортнинг мазмунидан шу маълум бўладики, 1916 йилдаёқ Улуғбек мирзо мадрасасининг шимоли-шарқий минораси қулаб кетиши эҳтимоли мавжуд бўлган...бусиз ҳам 1870-йилда мадрасанинг тўрт минорасидан бири, кейинчалик бошқаси қулаб тушган эди. Ф.Шамукарамова иш жараёнлари 1918-1932-йиллар давомида бажарилиб, у мувафаққиятли амалга оширилди, деб хабар беради. Катта эҳтимол билан мадрасайи олиянинг фаолияти шу сабабли чекланган бўлиши ва бу ердаги таълим жараёни мадрасага ёндош бошқа мадрасаларда давом этган бўлиши мумкин.

Бугунги кунда эса Улуғбек мадрасайи олияси ўрнида, унинг вориси сифатида Самарқанд давлат университети фаолият кўрсатмоқда. Aкадемик Ботурхон Валихўжаев мадрасаи олияни битирганларга дарс ўтиш учун ижозатнома – диплом берилганлиги, ана шундай «диплом»лардан бири Қозизода Румий имзоси остида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемияси Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётганлиги ҳақида маълумот берган. 

Энг асосийси, мазкур мадрасаи олияни битирганлик ҳақидаги ҳужжат – «диплом» фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки, Хуросон ва бошқа давлатларда ҳам эътироф этилган. Бу эса Улуғбек мирзо мадрасаи олиясининг ўз давридаги мақоми нақадар юксак бўлганлигидан гувоҳлик беради. Бизнинг фаолиятимизнинг кейинги босқичларида университетимизни ана шу даражадаги халқаро университетга айлантириш, олам илм толибларини бу ерга чорлаш ва жаҳон стандартларига мос сифатли таълим берувчи марказни қайта тиклашдан, бир сўз билан айтганда учинчи ренессансга ҳисса қўшишдан иборат бўлади.

Машхура Хасанова,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси

1 673
ЎзА