ЎзА Ўзбек

08.09.2018 13:18 Чоп этиш версияси

Саломатлик кунлари кўнгилларга қувонч улашмоқда

Саломатлик кунлари кўнгилларга қувонч улашмоқда

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Сурхондарё вилоятида саломатликни тарғиб қилиш кунлари юқори савияда ўтказилмоқда.

02.PNG

Вилоят маркази ҳамда туманлардаги маданият ва истироҳат боғларида ташкил этилган тадбирларда малакали шифокорлар аҳоли кенг қатламларини чуқурлаштирган тиббий кўрикдан ўтказиб, тегишли маслаҳатларни бермоқда. Тиббий маданиятни ошириш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга йўналтирилган тарғибот материаллари тарқатилаётир.

03.PNG

Термиз шаҳридаги З.М.Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган саломатликни тарғиб қилиш кунлари тадбири доирасида тажрибали мутахассислар томонидан бепул тиббий кўрик йўлга қўйилиб, аҳоли кенг қатламлари учун сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Бу ерда нафақат воҳа маркази аҳолиси балки, вилоятнинг олис ва чекка туманларидан меҳмонга келган фуқаролар ҳам тиббий кўрикдан ўтиш ва саломатликларини тиклаш учун малакали шифокорлар маслаҳатини олиш имкониятига эга бўлди.

– Қариндошларникига меҳмонга келган эдик, – дейди Бойсун тумани "Обикор" маҳалласида яшовчи Ойжамол Тошбоева. – 32 ёшдаман. Кейинги пайтларда ўзимни ҳолсизланиб, қувватим камайгандек ҳис этаётган эдим. Сўлим боғда тиббий кўрик бўлаётганини эшитиб, шифокорлар қабулига келдим. Улар бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, касаллигимни тез аниқлаб беришди. Буқоқ касаллигига чалинганим ва ўтимда тош пайдо бўлганини айтишди. Самарали муолажа олиш бўйича тавсиялар, саломатлигимни тиклаш учун қимматли маслаҳатлар берди. Бундан жуда мамнун бўлдим.

Жойларда бўлиб ўтаётган саломатликни тарғиб қилиш кунларида кўчма бригадалар фаолияти йўлга қўйилиб, ногиронлар ва кекса авлод вакиллари хонадонларида тиббий кўрик ташкил этилаётир. Даволанишга жиддий эҳтиёж сезаётган фуқароларга имтиёзли йўлланмалар ажратиш чоралари кўрилмоқда. Бундай тадбирларни вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
4 563