Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 14:36 Чоп этиш версияси

Салоҳиятли бошқарув кадрларини тайёрлаш давр талаби

Миллий матбуот марказида «Ўзбекистонда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда Давлат бошқаруви академиясининг роли» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда раҳбар ходимларни тайёрлаш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳақида академия масъуллари ва профессор-ўқитувчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш каби чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида фикр алмашилди.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси бўйича академияда амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.

Ҳозирги кунда академияда бошқарув кадрларини магистратуранинг икки йиллик таълим дастури бўйича грант ва тўлов-контракт асосида тайёрлаш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда грант ва тўлов-контракти асосида давомийлиги бир йилгача бўлган дастурлар бўйича қайта тайёрлаш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда грант ва тўлов-контракти асосида уч йилда бир марта давомийлиги бир ойгача бўлган қисқа муддатли малака ошириш курслари фаолият юритмоқда.

– Интерфаол масофавий таълим ёрдамида тингловчиларга таҳсил бериш учун 1000 дан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган E-study электрон ўқув курслари портали яратилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректори Х.Азизов. – Порталнинг маълумотлар базасига 5 мингдан ортиқ электрон манбалар юкланди. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш курсида таҳсил олаётган 53 тингловчига берилаётган таълимнинг самарадорлигини ошириш мақсадида вебинарлар тизими йўлга қўйилди.

Анжуманда академия тингловчиларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган лойиҳалар, бу борада халқаро хамкорликда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Хусусан, академияда Британия Кенгаши билан ҳамкорликда чет тилини билиш компетенцияси бўйича умумевропа стандартлари асосида «Бизнесда инглиз тилида мулоқот» номли янги интенсив тезлаштирилган ўқув дастури ишлаб чиқилиб, дарсларга жорий этилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Г.Сатторова ЎзА
3 386